Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли ва миллатпарвар адиб Мамадали Маҳмудов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирга адабиёт мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо кейинги йилларда миллий адабиётимизнинг барча вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш масаласи устувор аҳамият касб этаётгани, Мамадали Маҳмудов миллати, ватани учун ёзган ижодкор эканини таъкидлади.

– Мамадали Маҳмудов ниҳоятда мураккаб, ҳеч қайси  ўзанга сиғмайдиган, ўз эътиқодига умр бўйи содиқ қолган ижодкор эди, – деди Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги –ЎзА Бош директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёшлар мураббийси  Абдусаид Кўчимов. – Унинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шунда эди. Адиб  «Ўлмас қоялар» романини ёзган пайтда “босмачи” деган одам тилидан осиларди… Мамадали Маҳмудов  юрт учун жонини берадиган, миллатпарвар ёзувчи эди.

Бугун адабиётимиз, маънавиятимизни бойитадиган ёшлар кўп. Мамадали Маҳмудов каби ижодкорларни топиш, топгач эса асраб-авайлаш  ғоят муҳимдир. Яқиндагина Президентимиз Ботир Зокиров ҳайкалининг очилиши жараёнида миллатимизни улуғлаган ижодкорларни улуғлаш керак эканини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, миллатимиз учун жонини берадиган ижодкорларни авайлаш, улуғлаш бурчимиздир.

–  Бу юртдан  миллатни улуғловчи ижодкорлар чиққан,– деди адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев. –  Ана шундай ижодкорлардан бири Мамадали Маҳмудов – Эврил Турон эди. Унинг тахаллусида ҳам чуқур маъно бор. Адиб ҳурриятга интилган юрт Турон бўлиши кераклигини чин юракдан истаган эди.Ўзбек халқининг нечоғли юксак маънавиятли, қудратли фазилатларининг бутун икир-чикирлари билан “Ўлмас қоялар” романида бор бўйича очиб берган эди.

Мамадали Маҳмудов идеалист, романтик инсон эди. Халқимизнинг юксак миллат эканини очиб берган, ўзбекнинг бутун куч-қудратини андишага  қурбон қилган миллат эканини кўрсатиб берган  ижодкор эди, оқни қорадан теран фарқлай биларди. Бугун Эврил Туроннинг хотирасини эъзозлаб, шундай тадбирлар ўтказилмоқда. Унинг асарларини ўқиш китобхонни  миллатпарвар  адиб ижодига янада  яқинлаштиради.

–  Мамадали Маҳмудов “Олтин ўлка” номли катта эссе ёзган эдики, у газетамизнинг  олтита сонида кетма-кет эълон қилиб борилди, – деди “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газетлари бош муҳаррири, устоз журналист Ҳусан Эрматов. – Бу эссе Ватанга, ўз юртига қасида эди. Одамларнинг орзу-умидлари, ўй-хаёллари унда ўз аксни топганди.  Ўйлайманки, бу эссе 3-4 кунда ёзилган эмас. Бу асар Қорақалпоғистонда пишиб келган эди. Унда Ўзбекистоннинг келажаги учун муҳим таклифлар бор эди. Ўйлайманки, ёшларимиз Мамадали Маҳмудов асарларини ўқиса,  фойдадан холи бўлмайди.

Мамадали Маҳмудов 1940 йилда Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида таваллуд топган. Унинг биринчи китоби “Тоғ оҳуси” номли очерклар тўплами 1974 йилда чоп этилган.  1975 йилда чоп этилган “Боғдон қашқири” қиссасида ёзувчи биринчи марта босмачилик ҳаракати иштирокчиларини миллий озодлик ҳаракати курашчилари сифатида тасвирлаган.

Адибнинг 1981 йилда “Шарқ юлдузи” журналида “Ўлмас қоялар” романи қисман эълон қилинган. Ушбу асар тўлалигича, фақат мустақилликдан сўнг  1991 йили китоб ҳолида чоп этилган.

1981 йилда ушбу роман Германияда, сўнгра Туркияда босилиб чиққан. 2008 йили француз тилида Парижда, 2013 йилда Лондонда чоп этилган. Шунингдек, ёзувчи “Бўз бўри”, “Ойгул”, “Ой нури”, “Қора дўлана”, “Оқ гул”, “Боғдоним”, “Булоқлар”, “Олтин ўлка”, “Халқ фарзанди” каби  тўпламлар муаллифидир.

Эврил Турон Чўлпон номидаги давлат мукофоти, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби эди. Америка Қўшма Штатларининг “Helman” мукофотига,  “Турон фанлар академияси академиги” унвонига сазовор бўлганди.

Тадбирда ёзувчи асарлари асосида театрлаштирилган лавҳалар  мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар кечага янада файз бағишлади.

 

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (суратлар) , ЎзА