Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида АҚШ Давлат котибининг Фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Делегация аъзоларига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шу жумладан, гендер тенгликни, фуқароларнинг фикр ва сўз эркинлигини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, қийноқларнинг олдини олиш ҳамда миграция  масалаларида амалга оширилган ишлар ҳамда ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш, инсон қадр-қимматини янада юксалтиришга эътибор қаратилаётганини қайд этди. Жумладан, хотин-қизлар, болалар, меҳнат мигрантларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бевосита инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилмоқда. Демократик ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда ҳамда халқаро ҳамкорликка алоҳида масъулият билан ёндашилаётир.

АҚШ давлат котибининг ўринбосари бошчилигидаги делегация аъзоларига мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қийноқ ва бошқа тазйиқлар ўтказилишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар, инсон ҳуқуқларини самарали рўёбга чиқарилишига хизмат қилиши ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувда Бош прокуратура билан АҚШ Давлат департаменти ўртасида демократик давлатнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уни халқаро андозаларга мослаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни тизимли асосда янада фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА