Мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишида муҳим қадам

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 11 август куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи” лойиҳаси бўйича ишлар бошланишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати мамлакатимизнинг рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналаридан ҳисобланади. Мазкур инвестициявий лойиҳа икки босқичда амалга оширилади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш орқали унинг рақобатбардошлигини ошириш асосий устувор йўналишлар сифатида белгиланган.

Жорий йилнинг март ойида Президентимиз томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатини 2030 йилгача бўлган даврда ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастур доирасида мис ишлаб чиқаришни 1,4 баробар, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни 33 фоизга ошириш белгиланган.

Лойиҳани ўзлаштириш жараёнида битта темир йўлни янги жойга ўтказиш, иккита янги темир йўл қуриш, автомобиль йўллари барпо этиш кўзда тутилган. Узунлиги 1,4 километрлик туннель ва 3,1 километр конвейер йўли қурилади, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади. Янги мис-бойитиш комплекси, мисни электролиз қилиш, олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш цехлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилади.

Лойиҳа 2028 йилда тўлиқ қувватда ишга туширилади. Натижада 10 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари, ёш мутахассислар учун 2017-2021 йилларда 400 оилага мўлжалланган 9 янги кўп қаватли уй, мактабгача таълим муассасаси ва 240 ўринли 2 ётоқхона барпо этилади.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 50 фоизи экспортга чиқарилади.

Маросимда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Юртимиз ер ости бойликларига бой, лекин биз ундан унумли фойдалана олмаяпмиз, деди Президентимиз. Биз геология соҳасини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратмадик. Энди бу йўналишдаги ишларни тубдан яхшилаймиз ва соҳани такомиллаштирамиз.

Кечаги кун билан яшаш вақти ўтди. Бугун замон ўзгармоқда, биз ҳам шу шиддатга мос равишда ўзгаришимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳани кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бугун мазкур тармоқда ишлаётган ёшлар кўплигини инобатга олиб, янги очилган конга “Ёшлик”, деб ном беришни таклиф қилди.

Мажмуага тантанали равишда тамал тоши қўйилди.

Тадбирда комбинат фаоллари ва ёшлар сўзга чиқиб, ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга ошираётган эзгу ишлари учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Президентимиз Олмалиқ шаҳрининг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди.

Олмалиқ мамлакатимизнинг саноати ривожланган йирик шаҳарларидан бири. Ҳудудда янги конларнинг ўзлаштирилиши, аҳоли сонининг ўсиб бориши шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни тақозо этмоқда. 2035 йилгача мўлжалланган бош режага кўра, Олмалиқнинг маъмурий ҳудуди 2 минг 600 гектардан 3,5 минг гектарга етказилади. Саноат ҳудуди шаҳар марказидан олиб чиқилиб, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига қулай уй-жойлар барпо этиш кўзда тутилган.

Имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган етти қаватли ўнта уй Ибн Сино кўчасида бунёд этилмоқда. Ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган ушбу уйларнинг дастлабки иккитаси қуриб битказилиш арафасида. Мазкур уйларда аҳолига яшаш учун барча қулайликлар яратилган.

Лойиҳага кўра, бу ерда гипермаркет, мактабгача таълим муассасаси, маданият ва истироҳат боғи ҳам қурилади. Бу аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини ҳисобга олиб, тўққиз қаватли уйлар барпо этишни таклиф этди.

Янги уйлар Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида шаҳар аҳлига муносиб туҳфа бўлади, деди Президентимиз. Уйлар қурилиши йилдан-йилга кенгайиб боради. Келгусида бу ерда барча қулайликларга эга замонавий микрорайон қад ростлайди, халқимиз ҳам биздан рози бўлади.

Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин” деҳқон бозори ва буюм бозорининг бугунги ҳолати, хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермай қолган. Шу боис, ушбу бозорларни капитал реконструкция қилиш, қўшимча бино ва савдо нуқталари барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳада деҳқон бозоридаги турғун савдо нуқталарини тартибга келтириб, буюм бозори учун 450 ўринли павильонлар, замонавий автотураргоҳ барпо этиш режалаштирилган.

Президентимиз ушбу бозорларда сотувчи ва харидорларга яратиладиган шарт-шароитлар билан қизиқди. Иншоотларни замонавий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда, қисқа муддатда сифатли барпо этиш, қўшимча қулайликлар яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берди.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, жойларда замонавий шифохоналар барпо этиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Олмалиқ шаҳар болалар шифохонаси реконструкцияси шу ишларнинг узвий давоми бўлиб, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишда кенг имконият яратади.

Ушбу муассаса биносида кўп тармоқли марказий поликлиника, тез тиббий ёрдам, юқумли касалликлар, қон қуйиш бўлимлари, бошқа бўлинмалар жойлашади. Даволаш-профилактика муассасалари марказлашиши натижасида бўшаган биноларда янги оилавий поликлиникалар ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолига бирламчи тиббий ёрдамни яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шифохона биносини шу йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари шифохонани замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, бунинг учун зарур маблағлар ажратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Президентимизга замонавий типдаги шаҳар ФҲДЁ бўлимининг янги биноси қурилиши лойиҳаси намойиш этилди. Бобур номидаги маҳалла ҳудудида барпо этиладиган ушбу бинода ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ва “ягона дарча” маркази фаолият кўрсатади. Бу типдаги ФҲДЁ биноси илк бор лойиҳалаштирилган бўлиб, адлия идораларининг бир жойда жойлашуви аҳолига сифатли юридик хизматлар кўрсатиш имконини беради.

Ҳаётда инсон турли масалалар билан ҳар хил идораларга мурожаат қилишига тўғри келади, деди Шавкат Мирзиёев. Никоҳдан ўтаётган ёшлар, ҳуқуқий масалалар бўйича келган аҳоли ва тадбиркорларга бир жойда ёрдам бериш хизмат кўрсатиш сифатини замонавий талаблар даражасида ташкил қилиш имконини яратади. Янги лойиҳага кўра, бундай хизматлар кўрсатадиган идоралар бир масканда жойлашади. Никоҳни қайд этиш билан бирга, тўй маросимларини ҳам шу масканларда ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Шундай қилсак, ҳам ФҲДЁ бўлими ишлайди, ҳам тартиб-интизом бўлади, тўйларимизни маданиятли, маърифатли қилиб ўтказишга эришамиз. Бунинг учун ушбу лойиҳани янада такомиллаштириш, қурилиш ишларида ҳар бир ҳудуднинг иқлими, ўзига хос шароитини ҳисобга олиш зарур.

Шу ерда Олмалиқ шаҳар оқова сувларни тозалаш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳри марказидаги 5/2 массивида қурилаётган 7 қаватли, 2 ва 3 хонали турар-жой биноларини бориб кўрди. Ўн беш йилга имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган мазкур уй-жойларда айни пайтда қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мазкур уйларда яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини сифатли бажариш, иншоотларни ўз вақтида қуриб битказиш ва топшириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Президентимиз Олмалиқ шаҳри аҳолиси билан мулоқот қилди. Самимий ва очиқ ўтган суҳбатда шаҳар фаоллари ва ёшлар давлатимиз раҳбарига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, турли долзарб масала ва муаммолар тезкорлик билан ҳал этилаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мисни эритиш фабрикаси ва махсус цехида бўлиб, иш жараёнини кўздан кечирди.

Шундан сўнг комбинатнинг мажлислар залида шаҳар ёшлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Олмалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Темур Қурбонбоев (сурат), ЎзА