Россия – Украина

Россия ва Украина ўртасидаги низо ҳар икки томонга салбий таъсир кўрсатмоқда. 2022 йил 24 февралда бошланган можаро оқибатида жуда кўп аёл бева қолди, ота-оналар асирга тушган фарзандларини соғинган, зиддият марказида жойлашган мактаблар бўм-бўш, деҳқонлар ҳарбий ҳаракат сабаб ерга ишлов беролмайди…

Ҳатто, фронтдан 100 км масофада жойлашган Лозуватка қишлоғида ҳам Украина қиёфасини ўнглаб бўлмайдиган даражада ўзгартирган икки йил асорати зоҳир.

Aлёна Онишчук беш ёшли қизи Aнжелина билан қорли кунда Лозуватка қабристонига борди. Унинг эри ва отаси Сергей Aлошкин ўнта аскар билан бирга “Қаҳрамонлар хиёбони”да дафн этилган.

– Уруш бунча чўзилишини кутмагандик, – зўрға овози чиқади Алёнанинг.

Урушдан олдин ҳайдовчи-механик бўлган 38 ёшли турмуш ўртоғи 2022 йил охирида шарқий Бахмут шаҳри яқинидаги жангда ҳалок бўлди.

Марҳум аскарлар хотираси учун шунга ўхшаш дафн этиш жойлари бутун мамлакат бўйлаб пайдо бўлмоқда. Бу ҳолат зиддиятнинг учинчи йилига ўтиш арафасида ва ҳалиям давом этаётган охири кўринмас низо асносида содир бўлмоқда.

Янги кўмилган қабр оддий ёғоч хоч, марҳумнинг сурати, гул ва сариқ-кўк рангли байроқ билан қопланади.

Украинанинг шарқи ва жанубидаги жанг майдони бу аҳоли манзилидан анча йироқ, аммо ҳарбий можаролар 6800 га яқин киши яшайдиган бу ҳудудга жиддий таъсир кўрсатди.

Қурбон бўлган ҳарбийлар сони доим ҳам аниқ айтилавермайди. Ғарб расмийлари ҳисобига кўра, украиналиклардан ўн минглаб ҳалок бўлган, ўн минглаб яраланган. Россия ҳам жиддий йўқотишга учраган.

Уруш ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир қилмоқда. Онишчук ҳомиладорлик пайти озиқ-овқат дўконидаги ишини ташлади, кейин янги иш топишга жуда қийналди.

Киевдан 350 км жануби-шарқда жойлашган Лозуватка мактаблари аллақачон ёпилган, чунки ҳаво ҳужуми содир бўлган тақдирда ертўлага ҳамма ўқувчи сиғмайди.

Пўлат ишлаб чиқариладиган Кривой Рог шаҳри яқинида жойлашган бу ҳудудга ракета ва дрон ҳужуми камдан-кам уюштирилади. Ҳужум бўлган тақдирда сирена ишга тушиб, маҳаллий аҳоли хавфдан огоҳлантирилади.

БМТ Болалар жамғармаси UNICEF вакили Украина бўйлаб мактаб ёшидаги болаларнинг атиги учдан бир қисми дарсга шахсан қатнаётганини айтди. Мамлакатнинг ҳукумат назорати остидаги ҳудудларида 1300 дан кўп мактаб бутунлай вайрон қилинган, дея қўшимча қилди у.

Қишлоқ муаллими фикрича, масофавий таълим дарсга қатнаш ўрнини боса олмайди.

– Мавжуд ҳолат ўғил-қизларнинг ижтимоий қобилиятига жиддий таъсир кўрсатаётганини кўряпман, – дейди у болалар столига ўтирганча. – Улар бир-бири билан мулоқот қилиш имконига эга эмас.

Мактаб директори Ирина Потоцканинг сўзларига кўра, мактабдаги 136 ўқувчидан 40 нафарининг ота-онаси ҳарбий ҳаракатга сафарбар этилган.

Худди шу бинода Ирина маҳаллий аёлларга армияга жўнатиш учун озиқ-овқат, ичимлик, қалин кийим солинган қутиларни ўрашга ёрдам беради.

Бундай кўнгилли гуруҳлар бутун мамлакатда бор. Зиддият чўзилганини ҳисобга олсак, бу аскарлар учун муҳим таъминот манбаи.

Яна бир ўқитувчи Юлия Самотуха кўнгиллилар ҳаракатини мувофиқлаштириб, ҳарбий қисмлардан сўров қабул қилади, ишни хўжаликларга тақсимлайди.

– Иш билан банд бўлсангиз, баъзан урушни унутасиз, – дейди жангдан яраланиб қайтган маҳаллий йигит.

Маҳаллий фермер Aлександр Васильченко ҳарбий сафарбарлик сабаб ишчиларидан айрилди, яқин орада яна кўпчилиги кетиб қолишидан қўрқади. У айниқса кунгабоқар, буғдой, арпа ҳосилини йиғиштириб олиш учун зарур техника бузилиб қолишидан хавотирда.

Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, Лозуваткадаги фермер хўжалиги ишчиларининг учдан бир қисми хизматга чақирилган. Бу ҳолат Украина иқтисодиёти асосини ташкил қилувчи қишлоқ хўжалиги соҳасига жиддий зарба берди.

– Маҳалламиздан кўп мутахассис, механик фронтга кетди, ускуналаримиз таъмирга муҳтож, – дейди 42 ёшли Васильченко. – Янги ходим тайёрлаш учун вақт керак.

Агар Киев яна 450-500 минг кишини жалб қилса, ҳудудларда аҳвол янада мураккаблашади.

Aнастасия ва Олександр Коробченко 2022 йил Луганск вилоятидаги уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, айни пайт шу қишлоқдаги дўстлари топиб берган уйда яшаяпти.

БМТ, Жаҳон банки, Европа Комиссияси ва Украина ҳукумати томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 6 миллионга яқин киши Украинадан ташқарида қочқин мақомига тушган.

Лозуваткада иш топган бўлса-да, Коробченколар ҳозирча фарзандли бўлишни исташмаяпти.

– Эртага нима бўлишини билмасангиз, бола билан яшаш ҳақида ўйлаш жуда қийин, – дейди 23 ёшли Aнастасия.

Ўткир Мирзо тайёрлади.

ЎзА