Қўшма Штатлар ишлаб чиққан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасида Ғазо секторида вақтинча ўт очишни тўхтатиш тезроқ амалга оширилиши кераклиги таъкидланган. Шунингдек, Исроилнинг бош иттифоқчиси Рафоҳга ҳужум уюштирмаслик ҳақида ҳам огоҳлантирган.
Исроил 1,4 миллиондан зиёд аҳоли бошпана излашга мажбур бўлаётган Рафоҳга ҳужум қилишини айтиб келади. БМТ фикрига кўра, бундай ҳаракат оддий аҳоли ўлимига олиб келиб, очарчилик ёқасида турган Ғазода гуманитар инқирозни янада кучайтириб юбориши мумкин.
Хавфсизлик Кенгашининг амалдаги аъзоси, араб мамлакати Жазоир икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин Ғазога қарши урушда зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатишни талаб қиладиган резолюция лойиҳасини илгари сурган, АҚШ эса бу ташаббус Ғазо ва Исроилнинг асирлар алмашиш бўйича келишувига салбий таъсир қилишини айтган эди.
Шунингдек, АҚШ, Миср, Исроил ва Қатар Исроил ва ХАМАС ўртасидаги эҳтимолий сулҳ ҳамда ХАМАС томонидан ушлаб турилган асирларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик маҳбусларга алмашиш юзасидан музокара олиб борди.
Таҳлилчилар ёзишича, АҚШ ўт очишни тўхтатиш зарурлиги хусусида илк бор гапирмоқда. Исроил ҳам ҳеч бир резолюцияда буни истамаган. Лойиҳа қачон овозга қўйилиши ҳозирча ноаниқ.
Фаластин расмийлари 7 октябрдан буён Ғазода камида 29 092 киши ҳалок бўлгани, 69 028 киши яралангани тўғрисида маълумот берди.