Аёллар ва қизларнинг илм-фан билан шуғулланишига тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблeяси томонидан қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисидаги рeзолюцияда 11 фeвраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган.

Ушбу сана аёллар ва қизларнинг илм-фанга тўлиқ ва тенг кириши ҳамда иштирокини рағбатлантириш учун яна бир имкониятдир. Илм-фан ва гендер тенглиги барқарор ривожланишга эришиш учун жуда муҳим. Ушбу сананинг белгиланиши Барқарор ривожланиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган кун тартибини амалга оширишдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Барқарор ривожланиш йўлидаги энг катта муаммоларни ҳал қилиш саломатликни яхшилашдан тортиб, иқлим ўзгаришига қарши курашишгача – илм-фан соҳасидаги етук истеъдодларга таянади. Шу сабабли, аёлларни илм-фан соҳаларига янада кўпроқ жалб этиш долзарб масаладир. Тадқиқотларнинг хилма-хиллиги иқтидорли тадқиқотчилар сафини кенгайтиради, янги истиқболлар, истеъдод ва ижодкорликни келтириб чиқаради.

Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Абдулла Қодирий номидаги Президент ижод мактаби, Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида “Барқарор тараққиёт: илм-фан ва бизнесда хотин-қизлар ташаббуслари” IV халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу анжуман анъанавий тарзда бир неча йиллардан бери ташкил этилади. Бу йилги конференцияга ҳам 200 га яқин мақола келиб тушган бўлиб, анжуман материаллари тўплам сифатида нашр эттирилди. Ҳар бир мақолага DOI рақам берилиб, мақолалар Google Scholar, “Cyberleninka”, “archive.org” каби базаларда индексланди.

Тадбирда Бангладеш, Туркия, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Корея каби хорижий давлатларнинг ҳамкор ОТМлари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди.

Қайд этиш лозимки, ўтган даврда жаҳон ҳамжамияти хотин-қизларни илм-фанга жалб этиш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш айни вақтда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ҳам устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Конференцияда жорий йилда Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам кўриб чиқилди. Унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, хотин-қизларда илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, уларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА