12 февраль куни Самарқанддаги Конгресс марказида БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенцияси (CMS COP14) иштирокчилари конференцияси 14-йиғилишининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

1979 йилда Германиянинг Бонн шаҳрида қабул қилинган ва 1983 йилда кучга кирган мазкур конвенцияга дунёнинг 133 давлати аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон 1998 йилда конвенцияга қўшилган ва шундан буён унинг ишида фаол қатнашиб келмоқда. Шу боис ҳам Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор юртимизда конвенция иштирокчилари конференциясининг йиғилиши ўтказилмоқда. Бундан аввалги 13-йиғилиш, пандемиядан олдин Ҳиндистонда ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида йиғилиб қолган кўплаб масалаларга иштирокчилар бу гал Самарқандда ечим топишга, муҳим мавзулар юзасидан юзма-юз фикр алмашишга аҳд қилган.

“Табиат чегара билмайди” шиори остида ўтказилаётган йиғилишда халқаро ташкилотлар вакиллари, 130 мамлакатдан 1800 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.

Дастлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, тадбирда БМТ Бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижроси директори Ингер Андерсен хоним, Кўчиб юрувчи турлар бўйича конвенция ижрочи котиби Эми Франкел, Глобал экологик жамғарма бош директори Карлос Родригес, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи директори Грател Агилар ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур тадбир дунёда иқлим ўзгаришлари кучайиб бораётган бугунги шароитда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

– Биз бугун миграция турлари келажаги учун ҳал қилувчи паллада турибмиз, – деди кўчиб юрувчи турлар бўйича конвенция ижрочи котиби Эми Франкел. – Марказий Осиёда илк бор ўтказилаётган ушбу учрашув кўчиб юрувчи турларни сақлашга содиқ бўлган ҳукуматлар ва жаҳон ҳамжамиятини бирлаштирган ҳолда трансчегаравий ҳамкорлик муҳимлигини кўрсатмоқда. Йиғилишимиз кун тартиби кенг қамровли ва кўплаб масалаларни муҳокама этиш, бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиш кўзда тутилган. Ҳар йили миллиардлаб ҳайвонлар ерда, океанларда ва осмонда кўчиб юришади, миллий чегаралар ва қитъаларни кесиб ўтади. Баъзилари эса озиқланиш ва кўпайиш учун дунё бўйлаб минглаб километрлар йўл босади. Улар яхши ишлайдиган экотизимларнинг ажралмас қисми, жумладан, озиқ-овқат манбаи, туризмдан олинадиган иқтисодий фойда ва ўсимликларни чанглатиш, асосий озуқа моддаларини ташиш, зараркунандаларни йўқ қилишда аҳамияти катта. Шунинг учун уларга эътибор шунга яраша бўлиши керак. Конвенцияга аъзо давлатлар вакиллари, вазирлар, халқаро ташкилотлар масъуллари билан бугун йўқолиб кетиш хавфи ошиб бораётган турлар бўйича фикр алмашамиз, ўзимизнинг хулосаларимизни тақдим этамиз. Ва албатта, келгусидаги вазифаларни белгилаб оламиз.

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилаётганини таъкидлади. Муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдонини 6 миллион гектарга етказиш бўйича саъй-ҳаракатлар, республика бўйлаб ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиш кўзда тутилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётгани, Оролбўйи ҳудуди экотизимлари яхшиланаётгани шулар жумласидандир.

– Ушбу ҳафта давомида биз миграция турлари билан боғлиқ қатор масалаларни, жумладан, иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларини муҳокама қиламиз, – деди А.Абдуҳакимов. – Мақсадимиз – экотизимлар ва соғлом сайёрани сақлашда муҳим роль ўйнайдиган кўчиб юрувчи турларни сақлаш бўйича ечим топиш ва самарали режалар ишлаб чиқиш.
CMS COP14нинг бир ҳафталик кун тартибида юздан ортиқ масалаларни кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Жумладан, биринчи кунги тадбирлар доирасида кўчиб юрувчи ёввойи табиат турларининг ҳолати тўғрисидаги биринчи глобал ҳисобот тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, кўчиб юрувчи турлар ва Марказий Осиёда барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик, кўчиб юрувчи турларни сақлаш бўйича трансчегаравий ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов БМТ Бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг атроф-муҳит дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен хоним ва бошқа нуфузли меҳмонлар, делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Халқаро форум давом этмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари