Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари ҳам қизғин паллага кирмоқда. 22 январь кунидан бошлаб мусобақанинг учинчи тур учрашувларига старт берилди. “А” гуруҳидан ўрин олган Тожикистон – Ливан ва Қатар – Хитой терма жамоалари 1/8 финал йўлланмаси учун ўзаро рақобатлашди.
Гуруҳдаги вазиятга кўра, Қатар терма жамоаси муддатидан олдин нимчорак финал босқичига чиққан бўлса-да, қолган уч терма жамоа учун иккинчи ўрин соҳиби сифатида 1/8 финалга йўл олиш имконияти бор эди. Ана шундай имкониятдан Тожикистон терма жамоаси унумли фойдаланди. Улар сўнгги турда Ливан устидан 2:1 ҳисобида устун келди ва 4 очко жамғарган ҳолда плей-оффга йўл олди. Ажойиб натижа: илк турнир, илк ғалаба ва илк нимчорак финал. Мусобақа мезбони Қатар эса Хитойни 1:0 ҳисобида енгиб, гуруҳда юз фоизлик натижа қайд этди. Шу тариқа, Хитой 2 очко, Ливан эса 1 очко билан 3-4-поғонада қолди.
Энди Тожикистон терма жамоаси 28 январь куни “Аҳмад бин Али” стадионида “C” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган терма жамоа билан чорак финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради. Қатар эса нимчорак финалда 29 январь куни “Ал Байт” стадионида “C”, “D” ёки “E” гуруҳида учинчи ўринни қайд этган ва энг яхши натижа кўрсатган терма жамоаларнинг бири билан ўйнайди.
Бугун Осиё кубогининг “В” гуруҳида учинчи турдан ўрин олган Австралия – Ўзбекистон ва Сурия – Ҳиндистон учрашувлари бўлиб ўтади. Ушбу ўйинлар бир хил вақтда, аниқроғи, Тошкент вақти билан соат 16:30 да бошланади.
Ўзбекистон футбол ихлосмандлари учун аҳамиятли бўлган Австралия – Ўзбекистон баҳси Доҳа шаҳридаги «Абдуллаҳ бин Халифа” стадионида бўлиб ўтади. Мазкур учрашувни Араки Юсуке (Япония) бош ҳакам сифатида бошқаради. Қанот ҳакамлари сифатида Миҳара Жун, Такаги Такуми (Япония) ишлайди. Захира ҳаками эса хитойлик Ма Нинг, “VAR”да Иида Жумпеи (Япония) фаолият кўрсатади. Унга бошқа бир хитойлик ҳакам Фу Минг ёрдам беради.
Ўзбекистон ва Австралия терма жамоаси ҳақида қисқача маълумот бериб ўтадиган бўлсак.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги мусобақасининг финал босқичида 1996 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Терма жамоамиз 2004 йил Хитойда ва уч йилдан сўнг тўртта мамлакат – Вьетнам, Индонезия, Таиланд ҳамда Малайзияда, 2015 йили Австралияда ташкил этилган мусобақада чорак финалга чиқди. 2011 йил Қатарда ўтказилган қитъа кубоги баҳсларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим финалгача етиб борди 2019 йилги қитъа чемпионатида эса вакилларимизга 1/8 финал босқичи насиб этган эди.
Австралия Осиё футбол конфедерациясига 2006 йили қўшилган ва Осиё кубогида олтинчи маротаба иштирок этмоқда. Бу вақт мобайнида 2011 йили Қатарда ўтган Осиё кубогида кумуш, 2015 йили эса ўз мамлакатида олтин медални қўлга киритган.
Бугунга қадар Ўзбекистон ва Австралия терма жамоалари расмий тўртта учрашув ўтказган. Дастлабки учтасида рақиб қўли баланд келган ва сўнгги баҳсда ҳисоб очилмаган.
Ҳа, бугун футболчиларимиз учун масъулиятли ўйин бўлиб ўтади. Тўғри рақиб кучли, аммо бизнинг футболчиларимиз ҳам улардан кам эмас. Футболимизнинг янги авлоди нималарга қодир экани ва Сречко Катанец бир неча йиллик тайёргарлик натижасини айнан шу ўйинда гувоҳи бўламиз.
Дарвоқе, бугун «С» гуруҳида ҳам 3-тур учрашувлари ўтказилади. Унда Эрон – БАА, Фаластин – Гонгконг терма жамоалари ўзаро куч синашади. Мазкур ўйинлар Тошкент вақти билан 20:00да бошланалди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА