Анъанага мувофиқ, келаётган 7 июнь санасида Россия расмий телеканалларида “Россия президенти Владамир Путин билан тўғридан-тўғри алоқа” махсус дастури эфирга кетади. Давлат раҳбари мулоқот давомида фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, ўртага ташланган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиради.
РИА Новостининг ёзишича, давлат раҳбари билан бу йилги тўғридан-тўғри мулоқотда Россия фуқароларини асосан ҳудудлардаги йўлларнинг ҳолати, бензин нархининг ошиш сабаби, пенсия ислоҳатлари ва мамлакатнинг 2024 йилдан кейинги тақдирига оид масалалар қизиқтиради. Боиси, “Россия президенти Владамир Путин билан тўғридан-тўғри алоқа” доирасида ташкил этилган махсус сайтга ҳозиргача йўлланган саволлар ичида “мамлакатнинг “эски тартибдаги” янги ҳукумати янгиликлар қилишга қодирми?”, “пенсия ёшини узайтириш борасида Путиннинг фикри қандай?”, “бензин нархи ошишда давом этадими?” қабилидагилари кўп.
«Россия 24» телеканалининг хабар беришича, саволлар спорт, сайёҳлик, тадбиркорлик, санкциялар, қишлоқ хўжалиги, 2018 йилги жаҳон чемпионати, иқтисодиёт, экология ва ҳудудлар каби мавзулари бўйича сараланмоқда экан.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА