Шавкат Мирзиёев: Асосий мақсадимиз одамларни рози қилиш

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон тумани Хакан қишлоғида “Milana teхtilе” масъулияти чекланган жамиятининг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш лойиҳаси билан танишган эди.
Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 11 миллиард сўм инвестиция киритиш, 200 янги иш ўрни яратиш шарти билан корхонага Хакан қишлоғида фойдаланилмай турган бино “ноль” қийматда берилди.
ca641d11-0e65-8090-0aea-8f5442916a3f.jpg
Корхона “Алоқабанк” вилоят филиалидан олинган 2 миллиард сўм кредит ҳамда 7 миллиард сўм ўз айланма маблағи ҳисобидан уч қаватли бинони реконструкция қилиб, замонавий жиҳозлади. Туркия ва Хитойдан келтирилган тикув дастгоҳлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бу ерда аёллар ва болалар учун ишлаб чиқарилаётган 20 турдан ортиқ трикотаж маҳсулотларининг асосий қисмини экспорт қилиш режалаштирилган.
Энг муҳими, фабрика ишга туширилиши билан туманннинг тўққизта маҳалласида яшовчи 200 дан ортиқ хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Бепул иссиқ овқат таъминоти ва транспорт хизмати йўлга қўйилган. Келгусида иш ўринларини янада кўпайтириш кўзда тутиляпти.
fb72ae32-ad5c-aff1-03d3-4832fa33fcd5.jpg
Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди.
Асосий мақсадимиз – одамларни рози қилиш. Бунинг учун янги иш ўринлари яратишимиз, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашимиз керак, деди Президентимиз.
Президент Шавкат Мирзиёев «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурининг Андижон вилояти мисолидаги концепцияси билан танишди. Ушбу дастур меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик, ҳунармандлик, фермерлик, касаначиликка ўргатиш орқали уларга даромад манбаи яратиб беришга қаратилган.
Андижонда аҳоли зич жойлашган. Бир-иккита завод бир фоиз аҳолиниям иш билан таъминлай олмайди. Бу ерда одамларни фақат тадбиркорлик, ҳунармандлик орқали боқиш мумкин. Хонадонларга маблағ ва зарур ускуналар бериб, иш юритишини ўргатсак, одамлар ўзини ўзи боқади. Оиласини озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зурур маҳсулотлар билан таъминлашга қийналмайди. Сарфлаган пулимиз бир йилдан кейин икки ҳисса бўлиб қайтади. Одамларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка ўртишнинг иқтисодий механизми мана шундай бўлиши керак, деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари тадбиркор ва ҳунармандлар етказиб берадиган маҳсулотлар ҳажмини аниқлаш, кенг халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш, хусусан, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

 

Зиёдулла Жонибеков, Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА