Ўзбекистонда хоккейни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда “Ҳумо” хоккей клубининг қисқа муддатда эришган ютуқлари ва беллашувларда асосан ёш хоккейчиларнинг маҳорати намоён бўлаётганини кўриш мумкин.

Яқинда спортнинг ушбу тури бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ва ютуқлар “Euronews” телеканалида намойиш этилди. Унда мамлакатимизда хоккейнинг қайта тикланиши ва ёшлар терма жамоаси фаолияти ҳақида сўз борган.

“Euronews” журналисти Галина Полонская хоккей бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси машғулотларини кузатиб, ёш спортчиларнинг юксак салоҳиятини таъкидлади.

–Жамоа сардори Жасурбек Рустамхонов ўтган йили Мўғулистонда ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё ва Океания чемпионатининг энг яхши хоккейчиси сифатида эътироф этилди. Ўша вақтда у томонидан киритилган 14 та гол Ўзбекистон терма жамоасини минтақа чемпионати етакчилари қаторига олиб кирди. Ўзбекистонда хоккейнинг қайта тикланиши ёшларнинг спортнинг ушбу оммабоп тури билан шуғулланишларига туртки бўлмоқда. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон хоккей федерацияси томонидан хоккейни янада ривожлантириш ва янги марралар сари дадил ҳаракат қилиш чоралари кўрилмоқда, – дея таъкидлайди Г.Полонская.

5 йил ичида Ўзбекистон хоккей федерацияси нафақат “Ҳумо” хоккей клубини ва мамлакатнинг муваффақиятли ёшлар терма жамоасини яратишга, балки ўзбек хоккейини мухлисларнинг севимли ўйинига айлантиришга муваффақ бўлди. Республикамизнинг асосий муз саройи –“Humo Arena” мажмуасида ўйинлар рекорд даражадаги томошабинларни чорламоқда ва хоккей Ўзбекистонда энг кўп муҳокама қилинадиган нуфузли спорт турларидан бирига айланмоқда.

Мухтасар айтганда, “Euronews” мухбири Ўзбекистонда хоккейнинг қайта тикланиши спортсевар ёшларни илҳомлантириб, уларни фаол ўйинларга чорлаётгани ва ўзбек хоккейи эса мамлакатдаги энг машҳур спорт турларидан бирига айланиб бораётганини тасвирларда кўрсатгани ва бу борадаги муваффақиятларни ифода этгани билан ўз мақсадига эриша олган.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади. 

ЎзА