Ташкент вилояти Ўртачирчиқ туманида жойлашган “Кim Рen Хva chorva» фермер хўжалиги раҳбари Юлия Сергеева Президентга миннатдорчилик билдириб, видеомурожаат йўллади.

Ю.Сергеева Давлатимиз раҳбарининг пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишда фермерлар муаммоси тингланганидан бағоят мамнун эканини билдирди.

«Беш йил олдин чорвачилик соҳасида катта ҳажмдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Ўшанда кўплаб тадбиркорлар, хусусан, мен ҳам қишлоқ хўжалигига сармоя киритдик. Германия, Австрия ва Чехиядан чорва моллари олиб келдик. Ўз ходимларимиз билан биргаликда Россияда ўқидик ва қишлоқ хўжалигида яхши натижаларга эришдик.

Афсуски, қуруқ сут маҳсулотлари импорти кўпайгани туфайли ишлаб чиқарувчиларнинг табиий сутга бўлган талаби пасайиб кетган эди. Бахтимизга ҳукумат бизни эшитди ва бу муаммога эътибор қаратди», дейди тадбиркор.

Давлат раҳбари мажлисда сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берган эди.

ЎзА