Давлатимиз раҳбарининг жорий йил май ойида Хитойга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларни самарали амалга ошириш, минтақада давлат бошқаруви кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Хитой Миллий бошқарув академияси томонидан  Пекин шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги Давлат бошқаруви академияларининг биринчи учрашуви ташкил этилди.

Маълумот учун: Пекинда жойлашган Хитой Миллий бошқарув академияси 1994 йилда ташкил этилган. Мазкур академия Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги таълим муассасаси ҳисобланади.

Ушбу академия давлат сиёсати ва давлат бошқаруви йўналиши бўйича тадқиқотлар ўтказиш, соҳадаги кадрларни қайта тайёрлаш ва ундан кейинги амалиётлар олиб боришни рағбатлантириб келади.

Халқаро учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов бошчилигидаги профессор-ўқитувчилардан иборат делегация иштирок этди.

Марказий Осиёнинг Давлат бошқаруви академиялари ҳамда Хитой Миллий бошқарув академияси ректорлари ҳамда раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда Давлат бошқаруви академияси ректори А.Бекмуродов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг малакали ва замонавий билимга эга кадрлар тайёрлашга бераётган алоҳида эътибори, шунингдек, мамлакатда олиб борилаётган иқтисодиёт ва давлат бошқарувини ислоҳ қилиш борасида эришилган натижалар тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида олиб борилаётган трансформация жараёнлари, қисқа ва узоқ муддатли  қўшма таълим дастурлари, Германия, Жанубий Корея давлатлари билан ташкил этилаётган қўшма таълим дастури ҳақида йиғилганларни таништирди. Шундан сўнг Академия фаолияти тўғрисида мавжуд саволларга жавоб берди.

Халқаро тадбир доирасида “Марказий Осиё – Хитой” давлат бошқаруви академиялари тармоғи ишга туширилди.

Тармоқ таъсисчилари Хитой Миллий бошқарув академияси ҳамда Марказий Осиёнинг бешта давлати, хусусан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг давлат бошқаруви академиялари ҳисобланади.

Хитой Миллий бошқарув академияси томонидан илгари сурилган ташаббусга кўра, Академиялар ўртасида йиллик халқаро илмий анжуманлар ўтказиш, давлат бошқаруви кадрларини тайёрлаш соҳасида қисқа ва узоқ муддатли қўшма таълим дастурларини амалга оширилади. Доимий академик мулоқотни йўлга қўйиш, академияларга ўқув ташрифларини амалга ошириш, илмий нашриётлар, илғор лойиҳалар алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Учрашув якунида “Марказий Осиё – Хитой” давлат бошқаруви академиялари ўртасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА