Туркия Республикаси Судьялар ва прокурорлар кенгаши аъзоларидан иборат делегация Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига ташриф буюрди.

Учрашувда икки давлат етакчиларининг сиёсий иродалари натижасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг малакасини янада ошириш борасида ҳамкорлик фойдали ва манфаатли экани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, Судьялар олий кенгаши фаолияти мисолида суд ҳокимияти мустақиллигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар меҳмонлар томонидан эътироф этилди.

Айниқса, ўтган қисқа вақтда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашнинг очиқ ва шаффоф тизими яратилгани  уларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув давомида мамлакатимиз суд тизими тарихида биринчи марта жорий этилган судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ва унинг натижалари, шунингдек, судьялар фаолиятини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолаш  тизими ҳамда унинг мезонлари хусусида кенг маълумот берилди.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби  ҳақида ҳам тўхталиб, одил судловни таъминлаш ва суд амалиётини бирхиллаштиришда жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи ушбу тузилма тажрибалари ҳам айтиб ўтилди.

Ўз навбатида меҳмонлар судьяларни танлаш ва тайинлашдаги Туркия тажрибаси, айниқса, Судьялар одоби кодексидаги ўзига хос жиҳатлари билан ўртоқлашди.

Якунда ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА