11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни

Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол ҳисса қўшмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимиз тарихида илк бор 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифи илгари сурилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мамлакатимизда касаба уюшмаларининг эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Натижада охирги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. Касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва ХМТ конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ахборот хизматига кўра, 2023 йилнинг 10 ойи давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 3 минг 643 та мурожаати кўриб чиқилди. Натижада қарийб 8,5 минг нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 26 миллиард 114 миллион сўмдан зиёд зарар пуллари ундирилди. Ходимлар ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга киритилган 82 та тақдимноманинг 67 таси қаноатлантирилиб, қонунбузилиши бартарф этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида Гендерга оид аудит ўтказиш ишлари йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва Иш берувчилар конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош жамоа келишуви, 14 та ҳудудий жамоа келишуви, 102 та тармоқ жамоа келишуви амал қилмоқда. Бевосита корхона ва ташкилотларда касаба уюшмаси хизматига олинган 113 минг 262 та юридик шахснинг 113 минг 174 тасида, яъни 99,9 фоизида жамоа шартномалари тузилди. Ушбу ҳужжат орқали муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси, бандликни таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар белгилаш, дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўртача 1 нафар ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 7 миллион 600 минг сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.

Жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланаётгани ҳам қувонарлидир. Хусусан, республика бўйича 19 минг 15 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилишига эришилди. Бу орқали қарийб 900 минг ходимнинг иш ҳақи оширилди. Жамоа шартномаларининг барчасига ходим билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишдан аввал албатта касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш зарурлигига оид талаб киритилишига эришилди.

Жамоа шартномаларига биноан 98 минг 436 нафар ходимга тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлаш имкони яратилди. 2 миллион 188 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 миллион 940 минг нафардан зиёд ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда. 2023 йилнинг 10 ойи давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 156 минг 108 нафар фуқарога ва 65 минг 55 та оилага қарийб 144 миллиард сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Иш ҳақи ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш бўйича жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари билан суд, прокуратура, ҳокимият органлари ва меҳнат инспекциясига киритилган 372 та мурожаат натижасида 2023 йилнинг 10 ойи давомида ўз вақтида тўланмаган 151 миллиард сўм иш ҳақи меҳнаткашларга ундириб берилди.

Меҳнат муҳофазаси бўйича назорат-профилактика ишлари билан бирга ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши юзасидан мониторинг амалга оширилмоқда. 2023 йилнинг ўтган даврида 1 минг 235 та корхона ва ташкилот фаолияти ўрганилиб, аниқланган 4,5 мингга яқин камчилик бартараф этилиши таъминланди. Корхона ва ташкилотларда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш мақсадида доимий мониторинг амалга оширилиб, тегишли маълумотлар Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари янги очилган корхона ва ташкилотларни касаба уюшмаларига жалб этиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2023 йил бошидан бугунги кунгача 12 минг 249 та корхона, ташкилотда меҳнат қилаётган 210 минг 96 нафар ходим касаба уюшмаларига жалб этилди.

Сўнгги йилларда касаба уюшмаларининг хорижий мамлакатлар касаба уюшмалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги ривожланмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти билан алоқалар кучайди. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши тузилди. Туркий давлатлар касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди.

2016 йилда касаба уюшмалари тизимида жами 17 та санаторий фаолият кўрсатган бўлса, 2023 йилга келиб улар 31 тага етди. Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида 2017 йилда 5 минг 257 ўрин мавжуд бўлган бўлса, 2023 йилда улардаги ўринлар сони 7 мингтага етказилди. Натижада касаба уюшма санаторийларида йил давомида 200 минг нафарга яқин кишини соғломлаштириш имкони яратилди. Жорий йилнинг ўтган даврида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 150 минг нафардан зиёд ходим ва уларнинг оила аъзолари, 300 нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийси имтиёзли асосда соғломлаштирилди. Кам таъминланган, кўп болали ва ёш оилалар вакиллари, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар учун акциялар ташкил этилиб, улардан қарийб 3 минг нафари бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимида Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилиб, 106 та оромгоҳ департаментга ўтказилди. Жорий йилда федерация тизимига ўтказилган 75 та оромгоҳда катта кўламдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, барча зарур жиҳоз ва инвентарлар, маиший техникалар билан таъминланди. Ушбу мақсадларга 43 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Республика бўйича ёз мавсумида жами 1 минг 118 та болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 350 мингга яқин болажонлар соғломлаштирилди.

Ўтган даврда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида турли спорт мусобақалари, спартакиадалар, оммавий югуриш ва юриш тадбирлари ўтказилди. Меҳнат жамоаларида ишлаб чиқариш гимнастикаси жорий этилди.

Шу кунларда юртимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланмоқда. Меҳнат жамоаларида Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Мурувват ва Саховат уйлари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Бир сўз билан айтганда, касаба уюшмалари тизими юртимиздаги янгиланиш жараёнларининг фаол иштирокчисига айланди.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири