Ўзбекистон ва Корея ўртасида иқтисодий алмашинув ва сармоявий фаолият ривожланиб, ҳамкорлик янги поғонага кўтарилди.

Кореядан Ўзбекистонга киритилган инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Мамлакатимизда кореялик ҳамкорлар билан қарийб мингта қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилган.

Амалга оширилаётган лойиҳалар икки мамлакат учун ҳам бирдек манфаатли бўлмоқда.

Бу Олий Мажлис Сенатида Корея – Ўзбекистон бизнес ассоциацияси раиси биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон билан учрашувда алоҳида қайд этилди.

Сенат раиси Т.Норбоева мулоқот давомида Жанубий Кореяга қилган амалий ташрифда эришилган келишувларга эътибор қаратди. Хусусан, ишлаб чиқариш тармоқларига янги инвестиция лойиҳаларини киритиш, чиқинди полигонлари негизида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини ҳамкорликда яратиш, транспорт-логистика соҳасида қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш каби яна бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Корея Республикасининг етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш юзасидан фикр алмашди.

Ким Чанг Кеон Жанубий Корея ишбилармонлари Ўзбекистонга инвестиция киритишдан манфаатдорлигини билдирди. Бунда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Кореядан ташқари Япония ва Хитойга экспорт қилишда катта имкониятлар мавжудлигини айтиб ўтди.

Мулоқотда томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни барқарор давом эттириш ва инвестиция лойиҳаларини жадал суръатда амалга оширишга келишиб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА