Мамлакатимиз пойтахти яна бир нуфузли спорт анжуманига тайёргарлик кўрмоқда.

12-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг 61-конвенциясига тайёргарлик ишлари давом этаётган айни кунларда мазкур анжуман ва унинг доирасидаги тадбирларда қатнашадиган меҳмонларнинг юртимизга ташрифи бошланди.

Бугун, 8 ноябрь куни тонг саҳар ушбу тадбирнинг асосий меҳмонларидан бири Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC) президенти Маурисио Сулейманни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат профессионал бокс федерацияси мутасаддилари кутиб олди.

Таъкидлаш лозим, Марказий Осиё минтақасида илк бор ташкил этилаётган Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг йиллик конвенциясида WBC Ижроия қўмитасининг 15 нафарга яқин аъзоси, Майк Тайсон, Холифилд, Константин Цзю, Тайсон Фьюри, Васий Ломаченко каби жаҳон бокс юлдузлари, 200 га яқин давлатдан бокс ташкилотлари, промуотерлик компания вакиллари, мутасаддилари иштирок этади.

Жаҳонда бокс, хусусан профессионал бокснинг ривожи, ўтказилаётган жанглар, мазкур спорт тури бўйича фаолият кўрсатаётган промуотерлик компанияларнинг иш тизими, WBC тизимини ислоҳ қилиш каби қатор масалалар Тошкентда ташкил этиладиган анжуманнинг асосий мавзуси бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбирда қатнашадиган таниқли боксчилардан Тайсон Фьюри, Василий Ломаченко, Холифилд, Константин Цзю 12 ноябрь, Майк Тайсон эса 16 ноябрь куни Тошкентга етиб келиши кутилмоқда.

 

Т. Рўзиев, ЎзА