Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти шу кунларда Тошкентда меҳмон бўлиб турган ФИФА техник департаменти бош мутахассиси Мишел Саблон ҳамда ФИФА ҳудудий консультанти Гаёс Дарсатзе билан учрашди.
Учрашувда техник директорлар, мураббийларнинг замонавий футболда тутган ўрни, бу йўналишдаги замонавий тенденциялар муҳокама қилинди.
Оммавий ва профессионал футболни босқичма-босқич ривожлантиришга қаратилган “Grassroots” ва “Elite Youth” дастурларини юртимизда муваффақиятли амалга ошириш ҳақида сўз борди.
Томонлар келгусида Тошкент шаҳрида ФИФАнинг футбол мутахассислари учун малака ошириш марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бу ташаббуснинг ўзбек футболидаги сўнгги йиллардаги ривожланиш жараёнига ижобий таъсири эътироф этилди.
Бельгия футболидаги улкан ўсиш даврига сабаб бўлган дастурларнинг муаллифларидан бири Мишел Саблон ўз тажрибасидан келиб чиқиб, ривожланиш стратегияси ҳақида маълумот берди.
ФИФА мутахассислари Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларининг Жаҳон чемпионатида иштироки ва умидли футболчиларимизнинг истиқболини алоҳида эътироф этишди.
Т.Рўзиев, ЎзА