Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Спорт соҳасида давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
давлат спорт-таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол академияларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ушбу регламентларга мувофиқ, давлат хизматлари давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2023 йил 1 декабрдан бошлаб кўрсатилади.
2023 йил 20 ноябрга қадар:
давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилиши таъминланади;
“ERP sport” ягона электрон бошқарув тизимини ЯИДХПга интеграция қилиш чоралари кўрилади;
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тизими жорий этилади.
Давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатилади ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентлар талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазолар қўлланилади.
ЎзА