Доҳада мукофот жамғармаси 108 минг 250 АҚШ долларидан иборат бўлган “Qatar Masters Open” халқаро турнирининг олтинчи тури ортда қолди. 6-тур баҳсларида Нодирбек Абдусатторов мусобақа етакчиси Нараянан билан дурангга эришиб, очколари сонини 4,5 тага етказиб олди. Жавоҳир Синдоров қора доналарда ҳиндистонлик Адитя Миттални, шунингдек Нодирбек Ёқуббоев ҳам қора доналарда қозоғистонлик Ренат Жумабоевни мағлуб этиб, 5 очкога эга бўлди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Жаҳонгир Воҳидов Ҳиндистон вакили Пранеш билан муроса йўлини танлаган бўлса, Шамсиддин Воҳидов яна бир ҳиндистонлик шахматчи Белуркерни доғда қолдирди.

Шу тарзда ҳамюртларимиздан Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоев 5 очкога эга бўлган ҳолда ҳиндистонлик Нараянан ва Арджун билан халқаро турнирда етакчиликка эришиб турибди.

“Qatar Masters Open”нинг 7-тур ўйинлари бошланиш арафасида Нодирбек Абдусатторов ҳамда 7 нафар шахматчи 4,5 очкога, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов қатори 25 нафар иштирокчи 4 очкони қўлга киритган тарзда юқори ўринларга даъвогарлик қилмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Абдумалик Абдусалимов, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Саидакбар Сайдалиев 3,5 очкога, Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Бобур Сатторов 3 очкога, Ҳумоюн Бекмуродов, Алмас Раҳматуллаев 2,5 очкога, Баҳром Баҳруллаев 2 очкога эга бўлган ҳолда мусобақадаги иштирокини давом эттирмоқда.

Бугун, 18 октябрь куни “Қатар Masters Open” турнирининг 7-тур баҳсларида Жавоҳир Синдоров қора доналарда Нараянан билан, Нодирбек Ёқуббоев Арджун билан, Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ҳиндистонлик Пранав билан куч синашади.

31 давлатнинг 158 нафар шахматчиси қатнашаётган нуфузли мусобақа баҳслари 9-турдан иборат бўлиб, 20 октябрь куни охирги тур беллашувлари ташкил этилади.

Т.Рўзиев, ЎзА