Қатарда шахмат бўйича “Qatar Masters Open” халқаро турнири давом этмоқда.

Кеча, 11 октябрь куни мукофот жамғармаси 108 минг 250 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг 1-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

ФИДE рейтингида 2300 баллдан юқори натижага эришган шахматчилар иштирок этаётган мусобақанинг илк турида истеъдодли шахматчиларимиздан Нодирбек Абдусатторов польшалик Якуб Зсеманни, Жавоҳир Синдоров ҳиндистонлик Антонио Дкунья Вианини, Нодирбек Ёқуббоев ҳиндистонлик Горв Гаурни, Жаҳонгир Воҳидов бангладешлик Муҳаммад Фахад Раҳмонни, Шамсиддин Воҳидов ҳиндистонлик Жаивеер Махендруни мағлубиятга учратди.

Шунингдек, умидли ёшларимиздан Баҳром Баҳриллаев, Муҳиддин Мадаминов ва Абдумалик Абдусалимов рақибларини мағлуб этиб, 1 очкога эга бўлишган бўлса, Муҳаммадзоҳид Суяров ва Алмас Раҳматуллаев дурангга эришди.

Бугун, 12 октябрь куни халқаро турнирнинг 2-турида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Эрон вакили Саид Халил Мусави, Жавоҳир Синдоров қозоғистонлик Казибек Нагербек, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда ҳиндистонлик Шардул Гагарега қарши дона суради.

31 та мамлакатнинг 158 нафар шахматчиси қатнашаётган “Qatar Masters Open”нинг дастлабки босқичида ғалабага эришган ёш шахматчиларимиз Муҳиддин Мадаминов эронлик Пархам Магсудлу билан, Абдумалик Абдусаломов қора доналарда ҳиндистонлик Аружан Эригайси билан, Баҳром Баҳриллаев ҳиндистонлик Пранав билан баҳслашади.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябрга қадар давом этадиган халқаро турнир 9 турдан иборат бўлиб, 1-ўринни қўлга киритган шахматчи 25 минг, 2-ўрин соҳиби 15 минг ва учинчи ўрин соҳиби 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА