Айни вақтда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида олий таълим соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
Тадбир Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференцияни Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёдаги таълим бўйича глобал амалиёт раҳбари Рита Алмейда очиб берди.
Қайд этилишича, кейинги йилларда соҳада юқори ўсиш динамикасига қарамай Марказий Осиёдаги олий таълим тизимлари минтақа мамлакатлари ўртасида яқинроқ ҳамкорлик қилиш орқали ҳал қилиниши мумкин бўлган турли масалаларга дуч келмоқда.
Улар орасида маҳаллий олий ўқув юртларида ўқитиш сифатининг нисбатан пастлиги, уларнинг етарли даражада молиялаштирилмагани, кам таъминланган оилалардан чиққан талабалар орасида олий таълим олиш имконияти чеклангани, меҳнат бозорининг бугунги ва келажакдаги талабларига жавоб бермайдиган эскирган таълим дастурлари ва инфратузилмаси каби муаммолар мавжуд.
Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқотлар самарадорлигининг глобал кўрсаткичлари бўйича ортда қолмоқда. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, улар тадқиқотларни молиялаштириш бўйича дунёда энг паст ўринларни эгаллайди, бу ЯИМнинг атиги 0,12 фоизини ташкил қилади. Натижада, минтақадаги университетлар янги технологиялар ва инновацияларни ишлаб чиқиш жараёнидан сезиларли даражада четда қолмоқда.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, олий таълим тизимларининг минтақавий интеграцияси ушбу муаммоларни ҳал қилишдаги самарали воситадир. Шунингдек, у иқтисодиётнинг бошқа барча соҳаларида узоқ муддатли ўсиш учун имкониятлар очади. Минтақадаги олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва ресурсларни бирлаштириш Марказий Осиёда олий таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Сўнгги ўн йилликда олий ўқув юртлари ва талабалар сони салмоқли даражада ошди. Бугунги кунда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда 1,8 миллионга яқин талабага таълим хизматларини кўрсатувчи 430 дан ортиқ олий таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари босқичма-босқич илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, технологияларни трансфер қилиш ҳамда хусусий олий ўқув юртларининг фаолияти учун шароит яратиш орқали миллий олий таълим тизимларини бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқлаштирди. Ҳозирги вақтда минтақа таълим жараёнларини интернационаллаштириш стратегиясига амал қилмоқда.
Конференция давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА