АҚШ собиқ Президенти Дональд Трампга тўртта жиноий иш доирасида жами 91 та айблов эълон қилинди. Унинг ўзи айни ҳаракат жиддий рақиб Оқ уйга қайтишига йўл қўймаслик мақсадини кўзлайди, дея баҳолаган.

Куни кеча Атланта ва Жоржия катта ҳакамлар ҳайъати Трамп ишига 2020 йилдаги сайловда мағлуб штатлар мансабдорларига вазиятни ўз фойдасига ўзгартиришни талаб қилиб, босим ўтказгани учун 13 та айблов тиркашди.

Вашингтонда эса сайлов якунини қайта кўриб чиқиш учун ялпи федерал иш муҳокама этилмоқда. Бунинг натижасида яна тўртта айб “тақдим” этилади.

Майами ва Флоридада яна бир федерал иш кўриб чиқилмоқда: собиқ Президент ваколати тугашига қарамай, Оқ уйдан махфий ҳужжатларни олиб чиқиб, яширган. Қолаверса, айблов рўйхатига унинг давлат сирини ошкор қилиб, терговга ҳалақит бергани ҳам қўшимча қилинган. Бу иш 40 та айблов кўринишида расмийлаштирилган.

Қонун ҳимоячилари таъкидлашича, Дональд Нью-Йоркда ҳам бир талай қонунбузарлик амалга оширган, яъни ўзини фош қилувчи маълумотларни яшириш учун пул таклиф қилган ва ҳоказо. Иккинчи пойтахтда собиқ раҳбар 34 та айб билан гумонланмоқда.

Трамп учун энг оғир банд 20 йиллик қамоқ жазоси ҳисобланади. Агар барча бандлар бўйича муддат жамланса, Оқ уйнинг собиқ хўжайини бир неча юз йил давомида ташқи дунёни панжара ортида кузатиб ўтиришига тўғри келади.

Вашингтон ва Майамидагина авфга умид уйғониши мумкин. Мабодо, у 2024 йил сайловда ғалаба қозонса, Президент сифатида ўзини-ўзи авф этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Нью-Йорк ва Атлантада суд федерал эмас, штат даражасида ўтаётгани сабабли бундай имконият юзага келмайди.

Сўнгги хабарларга қараганда, Фултон округи прокурори Дональд Трампнинг 2020 йил сайловга аралашиши билан боғлиқ суд жараёнини 2024 йил 4 мартда бошлашни таклиф қилган. Таъкидланишича, жараён сайловчилар бир вақтнинг ўзида 14 штатдаги праймеризда овоз берадиган “Супер сешанба” арафасида бошланиши керак. Штат делегатлари бошқа кунларга қараганда кўпроқ сайланадиган бу кун барча номзодлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Прокурорлар аввалроқ Трамп ва шу иш бўйича айбланганларга 25 августдан кечикмай судга келишни буюрган эди. Зеро, ҳакамлар ҳайъати айблов хулосасидан ташқари, уларни ҳибсга олиш учун ордер беришга ҳам рози бўлган.

Табиийки, Трамп ўзига қўйилган ҳеч бир айбни тан олмаяпти, айбсизлигини, суд таъқиби унинг кампаниясига ҳалақит беришга уриниш эканини тинмай таъкидлаб келмоқда.

Хуллас, Трамп 2024 йил Президент сайловида қатнашиб, ғалабага эришса, бошига тушган бу “кўргуликлар”га узил-кесил нуқта қўйиш имконига эга бўлади. Ҳозирча миллиардер бўлса-да, у оддий фуқаро. Собиқ президентлик мақоми қонун устиворлиги олдида ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Демак, ҳамма умид навбатдаги сайловдан. Инчунун, Америка қонунчилигида судланган киши ҳам президентликка номзодини кўрсатиши мумкин.

С.Раҳимов, ЎзА