Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатни меъёрига келтириш жараёни осон кечмайди, лекин бунга эришиш мумкин. Бинобарин, бу бутун Араб – Исроил можаросига барҳам бериш йўлида муҳим қадам бўлади.
Бош вазир Беньямин Нетаньяху Американинг “NBC” телеканалига интервьюсида шундай фикр билдирган: – Саудия Арабистони ва Исроил муносабатини нормаллаштира олсак, тарихий бурилиш ясаган бўламиз. Буни “Иброҳим келишуви” доирасида аллақачон амалга оширилган муносиб ютуқнинг давоми, дейиш мумкин.
Нетаньяху бир неча йил аввал Исроил “Иброҳим келишуви” доирасида бирданига тўрт араб давлати – Баҳрайн, Марокаш, Бирлашган Араб Амирликлари ва Судан билан муносабатни яхшилаш бўйича келишишга муваффақ бўлганини эслатди. Унинг таъкидлашича, кўпчилик буни имконсиз ҳисоблаган, Фаластин – Исроил можароси ҳал этилмагунча, Исроил ва араб давлатлари ўртасида муросага эришиб бўлмайди, деган. Нетаньяху алоҳида араб давлатлари билан тинчлик битимига эришилганини қайд этди.