Интерпол (Жиноят қидирув полицияси халқаро ташкилоти)га бугунги кунда 192 давлат аъзо бўлиб, кўлами кенглиги жиҳатидан БМТдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган йирик халқаро ташкилотдир. Ўзбекистон Интерполга 1994 йилда аъзо бўлган.
Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? ЎзА мухбири бу ҳақда бюро бошлиғи Рустам Исроилов билан суҳбатлашди.
– Рустам Илҳомович, Интерполнинг миллий тузилмаси ташкил этилган вақт билан ҳозирги кун қанчалик фарқ қилади?
– Интерполнинг асосий мақсади умумий жиноятчиликка қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш ва ана шундай миллий органлар фаолиятини мувофиқлаштиришдир. Мазкур тузилма фақат сиёсий, ҳарбий, диний, ирқий тусдаги фаолиятга дахл қилмайди.
Салкам чорак аср вақтда жуда кўп нарсалар ўзгарди. Жиноятчилик турлари кўпайиши ва кўлами кенгайиши билан бир қаторда миграция оқими мисли кўрилмаган даражада кучайди.
Тўғри, олдин ҳам мураккаб вазиятлар бўлган. Масалан, 1999 йилда Тошкентда содир бўлган портлашлар бевосита халқаро терроризм билан боғлиқ бўлган. Ушбу жиноятларни содир этган шахсларни қидириш, уларни топиб мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига топширишда халқаро ҳамкорликка асосланган тузилмамиз самарали иш олиб борди. Натижада жиноятни содир этиб Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларига қочиб кетган шахслар ҳақида тезкор маълумот алмашинуви, бу борада Интерпол бош қароргоҳи (мазкур қароргоҳ Лион шаҳри (Франция)да жойлашган) бевосита кўмагида улар ушланган ва юртимизга келтирилган. Халқимизнинг тинч ҳаётига тажовуз қилган шахслар суд ҳукми билан жавобгарликка тортилган.
Айни пайтда глобал муаммолардан саналган одам савдоси жинояти тез-тез учраб турибди. Асосан аёлларни алдаб, қулликка, турли тубан ишларга маҳкум этаётган жиноий гуруҳлар илдизига болта уриш долзарб бўлиб турибди. Бу борада Индонезия давлатида узоқ вақт яшаб, ўрнашиб, кейин катта жиноий уюшмага асос солган, аёлларни турли йўллар билан олиб кетиб, фоҳишаликка мажбур этган самарқандлик шахс аниқланди. Уни Интерпол имконияти бўйича қидириб топиб, қўлга олиш ва мамлакатга қайтариш чораси кўрилди.
– Тошкентда одам савдоси бўйича ўтказиладиган халқаро тадбирда қандай масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда?
– Интерполнинг ташаббуси ва кўмаги асосида пойтахтимизда 2018 йил 30 апрель – 4 май кунлари ўтказилиши кутилаётган семинарда дунёнинг 14 давлатидан вакиллар иштирок этади. Шу жумладан, унда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари масъул ходимлари, одам савдосига қарши курашиш билан шуғулланувчи ташкилотлардан ходимлар қатнашади.
Семинарда одам савдоси жиноятининг бугунги ҳолати, унинг турлари, кўлами ва унга қарши курашиш бўйича янги услублар, имкониятлар, барча-барчаси ҳақида фикр алмашилади. Бу борада ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. Бу жиноятни содир этиб, қочиб юрган шахсларни қидириб топиш, уларни ўз мамлакатига қайтариш, суд ҳукмига ҳавола этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинади.
– Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ва Туркия Миллий марказий бюроси ҳамкорлиги мустаҳкамланаётгани қандай самара бермоқда?
– Мамнуният билан қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўзаро муносабатларида ўзига хос янги босқич бошланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга 2017 йил октябрдаги давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ривожига катта турки берди. Барча соҳалардаги ўзаро муносабатлар ривожланди. Президентимизнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Мазкур ташриф доирасида бошқа соҳалар қатори ҳуқуқ-тартиботга оид ўзаро ҳамкорликка асосланган тезкор қидрув ва кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ИИВ академияси ва Туркия миллий полицияси акдемияси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Айтиб ўтиш ўринлики, ўзаро ҳамкорлигимизда шу йилнинг февраль ойида Интерполнинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси бошлиғи Лутфи Чичек бошчилигидаги Туркия делегацияси мамлакатимизга ташриф буюргани муҳим аҳамият касб этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот органларининг биргаликдаги ҳаракатини кучайтириш, ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш бўйича музокара олиб борилди.
Жанговар ҳаракатлар давом этаётган Сурия ва Ироқ давлатларида терррорчилик гуруҳлари томонида туриб жанг қилган ва жанг қилиб келаётганларнинг шахсини аниқлаш, давлат чегарасини кесиб ўтмасларидан аввал уларга нисбатан халқаро қидирув эълон қилиб, қўлга олиш жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Интерпол ходимлари зиммасига юклатилган муҳим вазифадир.
Албатта, муваффақиятли махсус операциялар жараёнида жангариларнинг кўп қисми йўқ қилинди, айримлари қўлга олинди. Бироқ ҳали-ҳануз дунёнинг турли давлатларида яшириниб, янги экстремистик ҳужумларга тайёрланиб, озодликда юрганлари ҳам бор. Шунинг учун уларни излаб топиб, қўлга олишда бор куч ва имкониятни бирлаштириш, доимий равишда ўзаро ахборот алмашиш, аксилтеррор йўналишда ҳамкорликдаги тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш лозим.
Шу йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг Туркияга ташрифи режалаштирилган. Бу ташриф давомида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар доирасида янги имкониятларни ишга солиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.
– Юқорида миграция кучайганини қайд этиб ўтдингиз. Бу хавфсизликка таҳдид солиши мумкинми?
– Дарҳақиқат, кейинги йилларда миграция оқими кескин ўсди. Бу нафақат фуқароларимизнинг хорижий давлатларга чиқиши, балки хорижликларнинг юртимизга келишида ҳам намоён бўлмоқда. Кейинги пайтда ўртача 5-6 миллион киши чегарани кесиб ўтди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, халқаро жиноятчилик ва жиноят содир этганларни қидириш билан боғлиқ фаолият бир неча баробарга ўсди.
Бу хавфсизликни кучайтиришни ҳам тақозо қилади, албатта. Шу мақсадда Президентимиз топшириғи асосида мамлакатимизда «Хавфсиз туризм» лойиҳаси амалиётга жорий этилди. Бу тизим орқали юртимизга келган сайёҳлар ва меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар учун замонавий шароитлар яратишга оид чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Россия, Корея, Малайзия, Туркия каби ҳамда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган. Ўзаро тезкор ахборот алмашинуви натижасида жиноятчиликка оид зарур ахборотлар ҳам мавжуд. Бу жараёнда Интерполнинг махсус ахборот алмашиш тармоғидан фойдаланилмоқда. Бу узлуксиз ишлайдиган ёпиқ тармоқ бўлиб, унинг базасига четдан ҳеч ким кира олмайди.
Бу имконият хавф туғдириши мумкин бўлган шахсларни чегаралар орқали киритмаслик ёки жиноят содир этиб қочиб юрганларни ушлашда қўл келади. Умуман айтганда, хавфсизликка таҳдидлар бор, бироқ унинг олдини олиш, унга вақтида барҳам бериш учун куч ва имконият етарли.