Хорижда ишлаш истагида бўлганлар учун 1000 долларгача кредит бериш жараёни бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3584-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, мазкур вазирликнинг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳамда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги “Трудовые резервы Евразии” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шунингдек, “Ипотека-банк” ташқи меҳнат миграцияси масалаларида хорижий тижорат банклари билан ҳамкорлик муносабатларини ташкиллаштирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март ойида “Ипотека-банк” томонидан хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш мақсадида қонуний тарзда кетиш истагини билдирган фуқароларни кредитлаш механизми ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.

Ушбу лойиҳа бўйича ажратиладиган кредитлар қонуний тарзда хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш мақсадида кетувчи фуқароларнинг қуйидаги харажатларини тўлаш учун ажратилади:

Биринчидан, йўл-транспорт харажатлари, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ташкил қилинадиган тиббий кўрик, қисқа муддатли ўқув курслари учун ажратилади. Бунда кредит маблағларидан пул ўтказиш йўли билан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳисобварағига ёки бошқа тегишли ташкилот ҳисобварағига ўтказиб берилади.

Иккинчидан, фуқаронинг чет давлатда ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлган ишлаш учун хорижий мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли рухсатнома, тиббий кўрик, дастлабки уй-жой ижара тўлови ва бошқа харажатларни (хорижий валютада) тўлаш учун халқаро тўлов картасига ўтказилади.

“Ипотека-банк” томонидан қонуний тарзда хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш мақсадида кетувчи фуқароларга имтиёзли кредитлар ариза берилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича 1000 АҚШ доллари эквивалентигача бўлган миқдорда миллий валютада ажратилади.

Кредит бўйича йиллик фоиз тўловлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси миқдорида белгиланган. Ҳозирги кунда бу йиллик 14 фоизни ташкил қилмоқда.

Мазкур кредит 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга берилиб, фуқаро томонидан дастлабки 3 ой муддат ичида имтиёзли равишда фақат кредит бўйича фоизлар тўланиши лозим.

Мисол учун, 1000 АҚШ доллари эквивалентида кредит олган фуқаро биринчи уч ой давомида ҳар ой 11,7 АҚШ доллари эквивалентида кредит бўйича фоиз тўловларини амалга ошириши керак.

Кейинги 9 ой давомида қарздор томонидан ҳар ойда 117,7 АҚШ доллари эквивалентида кредит ва у бўйича фоиз тўловларини қайтариши лозим.

Кредит бўйича тўловлар қарз олган фуқаронинг республикамизга хориждан юборган даромадлари ҳисобидан оила аъзолари томонидан амалга оширилади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу кредит вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш мақсадида хорижга айнан қонуний тартибда ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси орқали кетадиган фуқароларга берилиши кўзда тутилган.

Ушбу кредит турини олиш истагини билдирган фуқаролар банкнинг жойлардаги филиалларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

– ариза;
– қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчи/тўловчи паспорти;
– кредит таъминоти бўйича тақдим этиладиган ҳужжатлар
– Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан тузилган шартномасидан нусха.

Реклама ҳуқуқи асосида.

 

ЎзА