Бугун мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талабнинг кун сайин ортиши натижасида муқобил энергия манбаларини амалиётга кенг жорий этиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

Жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш орқали қуёш нурларидан электр энергиясини ишлаб чиқариш ва яшил энергиядан фойдаланиш кўлами ортиб, энергия танқислигининг олди олинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Объектларда қуёш панелларининг ўрнатиш ишларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш” бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзолари Олий таълим муассасалари ва ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, қуёш панеллари ўрнатилиши билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йил давомида жами 1 минг 227 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат идорасида қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланган. Бу режа II ярим йиллик бошида 46,3 фоиз бажарилди. Ҳозирда ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига жами қуввати 5 минг 713 квт/соатга тенг бўлган қуёш панели ўрнатилиб, ишга туширилган.

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институти бугунги кунда тўлақонли равишда “яшил энергия”дан фойдаланмоқда. Объектда йил давомида ўрнатилиши белгиланган режа ортиғи билан бажарилиб, жами 115 квт/с қувватга эга қуёш панеллари, шунингдек, қўшимча равишда 200 литрлик сув иситиш гелиоколлекторлари ҳам ўрнатилган. Институт ҳудудидаги йўлларни ёритаётган 20 кўча чироқлари ҳам қуёш энергиясидан қувват олади.

Нукус шаҳридаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказига ҳам 250 квт/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши якунланди. Ушбу ижтимоий соҳа объекти ҳам эндиликда электр энергиясига бўлган эҳтиёжини фотоэлектр манбалари ҳисобига қаноатлантириб, ўз эҳтиёжидан ортган электр энергиясини давлатга топшириш ҳам кўзда тутилган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири