Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижтимоий фойдали дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилишида ижтимоий шериклик ҳамда халқаро ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳа нодавлат ташкилотлари томонидан ташқи манбалардан пул маблағи олиш ҳамда грант лойиҳаларини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш ва соддалаштиришни назарда тутади.
Лойиҳа билан Ҳукуматнинг иккита қарори (2019 йил 9 октябрдаги 858-сон ва 2022 йил 13 июндаги 328-сон) битта ҳужжатга бирлаштирилмоқда.
Лойиҳа билан бир қатор талабларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, нодавлат ташкилотларининг грант лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Ташқи ишлар вазирлигининг хулосасини олиш бекор қилинади.
Грант лойиҳасини амалга оширишга бириктирилган миллий ҳамкор томонидан лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда унинг муддатини белгилаш юзасидан таклифлар ва тавсиялар бериш шарт бўлмайди.
Қиймати БҲМнинг 2 минг бараваригача бўлган грант лойиҳаси “йўл харитаси”ни миллий ҳамкор билан биргаликда тасдиқлаш, қиймати БҲМнинг 2 минг баравари ва ундан юқори бўлган грант лойиҳаси “йўл харитаси”ни Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш, грант лойиҳаси “йўл харитаси” ижросига бағишланган йиғилишлар ўтказиш, грант лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарорларни Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш, грант лойиҳаси “йўл харитаси” ижроси якуни бўйича умумлаштирилган маълумотни Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш каби тартиблар бекор қилинади.
Адлия вазирлиги томонидан миллий ҳамкордан “йўл хариталари”нинг ижроси бўйича жорий ва якуний маълумот сўраб олинмайди.
Давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида имзоланадиган меморандумлар лойиҳаларини Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш учун киритиш шарт бўлмайди.
Бундан ташқари, лойиҳада янги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Биринчидан, пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати кенгайтирилади.
Иккинчидан, давлат органлари фақат умумий қиймати БҲМнинг минг баравари (330 миллион сўм) ва ундан юқори бўлган лойиҳаларга бириктирилади.
Учинчидан, нодавлат ташкилотлари томонидан халқаро грант лойиҳаларини амалга ошириш якунлари бўйича лойиҳа натижаси тўғрисидаги маълумотлар www.e-ngo.uz порталига жойлаштирилади.
Тўртинчидан, нодавлат ташкилотининг грант лойиҳасида ҳамкор сифатида иштирок этувчи давлат ташкилотини ўзгартириш тартиби аниқ белгиланади.
Н.Абдураимова, ЎзА