Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий йилнинг 17-24 июль кунлари “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” – “Cyber-Week” комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2023 йил 11 июлдаги “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, ҳудудда кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг кибер оламдаги таҳдидларга қарши иммунитетини ошириш мақсадида жорий йилнинг 17-24 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази, манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш белгиланди.

Шу муносабат билан Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида вазирликлар, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ содир этилаётган жиноятлар кескин ошиб бормоқда. Жорий йилнинг олти ойида ушбу турдаги жиноятлар 2022 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоизга ошган. Ушбу жиноятларнинг содир этилиши оқибатида фуқароларга етказилган зарарнинг миқдори 500 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилади. Бу каби жиноятлар бўйича келиб тушган аризаларнинг 68 фоизини 19 ёшдан 35 ёш оралиғидаги фуқаролар ташкил қилади.

Тадбирлар давомида инновацион тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда, барча аҳолини, шу жумладан, ишчи-хизматчиларни, ёшларни кўпроқ қамраб олиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, тарғибот тадбирларининг самарадорлигини ошириш учун аҳолининг турли қатлами ўртасида 7 турдаги танлов ўтказилади.

Жумладан, имконияти чекланган фуқаролар ўртасида “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман”, тиббиёт ходимлари ўртасида “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман”, умумтаълим ўқувчилари ўртасида “Энг фаол мактаб”, мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида “Энг фаол мактабгача таълим ташкилоти”, блогерлар ўртасида “Энг яхши контент”, олий таълим муассасаларининг талабаларига мўлжалланган “Инновацион ёндашув”, профилактика инспекторлари ўртасида “Энг яхши маҳалла” танловлари ғолиблари муносиб тақдирланади.

–Мазкур танловларни ўтказишдан мақсад аҳолини кибержиноятлардан муҳофаза қилиш, фуқароларнинг интернетдан ва замонавий технологиялардан тўғри фойдаланиш бўйича кўникмаларини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев. – Шунингдек, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик, зарарли ўйинларни ўйнамаслик бўйича аҳолини огоҳликка чорлаш бўлиб ҳисобланади. Биз барчамиз ҳамкорликда кураш олиб борсак, ижобий натижага эришамиз.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ, ЎзА