Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг 2022-2023 ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Филиал директори Адилбай Есимбетов катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган битирувчи ёшларни самимий табриклаб, уларнинг ҳар бири жамиятда ўз ўрнини топиши ва устозлари томонидан берилган билимларни амалиётга татбиқ этишига катта ишонч билдирди.

“Оқ йўл, битирувчилар!” шиори остида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Шундай ҳаяжонли онларда фарзандлари қувончига шерик бўлган ота-оналар сўзга чиқиб, филиал профессор-ўқитувчиларига самимий миннатдорлик ва эзгу тилакларини билдирди.

Ветеринария медицинаси, зооинженерия (йилқичилик ва туячилик), зооинженерия (балиқчилик)  таълим йўналишлари бўйича таҳсил олган жами 75 нафар талабага диплом топширилди. Таъкидлаш жоизки, ҳозирда 12 нафар битирувчи талаба-ёш корхона ва фермер хўжаликларига ишга жойлашиб, ўз фаолиятини бошламоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири