ЖССТ юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, перинатал парвариш каби муҳим соҳаларда фаол ишларни амалга ошириб келмоқда. Республика Акушерлик ва гинекология марказида ЖССТ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув мазкур мавзу муҳокамасига бағишланди.

Ҳомиладорликни самарали ўтказиш, чақалоқларни парвариш қилиш, клиник протоколларни ишлаб чиқиш, ҳудудлардаги мутахассисларнинг малакасини ошириш  ва бошқа масалалар учрашув қатнашчиларининг диққат марказида бўлди.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги офиси маслаҳатчиси Назокат Қосимова таъкидлаганидек, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази (РИАГИАТМ ДК) мазкур бутунжаҳон ташкилоти билан ҳамкорликда муваффақиятли иш олиб бориш бўйича катта тажрибага эга. Шунинг учун ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, перинатал тиббиётни ривожлантиришнинг бугунги кундаги энг долзарб йўналишлари ҳақида Марказ раҳбарияти ва мутахассисларининг фикри жуда муҳим.

– Акушерлик ва гинекология маркази томонидан ишлаб чиқилган клиник протоколлар энг илғор ва янгиланган, жумладан далилларга асосланган максимал миқдордаги тиббиёт маълумотларини ўз ичига олган ҳужжатлардан бири саналади, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳудудий офиси мутахассиси Олег Кузьменко.

Мутахассислар янги протоколларни ишлаб чиқиш ва амалдагиларини янгилаш бўйича келгусидаги ишларни муҳокама қилди. Бу  ҳар бир тиббиёт ходими учун амалий қўлланма бўлиб, ЖССТнинг янги маълумотлари ва тавсияларини ҳисобга олиши ва ҳамиша уларнинг долзарблигини сақлаб қолиши керак.

Шу билан бирга, бутун мамлакат бўйлаб акушерлар ва гинекологлар учун тизимли равишда каскад тренинглар ўтказиш мақсадида энг фаол ва малакали мутахассислардан иборат мураббийлар жамоасини тузиш учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. РИАГИАТМ ДК директори Наталья Нодирханова таъкидлаганидек, бунда тиббиёт муассасалари раҳбарияти аъзоларининг роли жуда муҳим. Хусусан, бу жараёнга клиникаларнинг бош шифокорлари, даволаш ишлари бўйича директор ўринбосарлари, туғруқхоналарнингбўлим мудирлари жалб этилиши керак.

Иштирокчилар, шунингдек, таълим жараёнининг барқарорлигини таъминлаш учун мураббийлар жамоасига ҳудудларда энг замонавий билимлар ва кўникмаларни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган соғлиқни сақлаш мутахасисларидан иборат амалиёт шифокорларини жалб этиш зарурлигини ҳам қайд этди.

Узлуксиз таълим  аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг бевосита шарти сифатида, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, даволашда хатоларга йўл қўймаслик, полипрагмазия, яъни беморга ортиқча дори воситаларини тавсия этишдан воз кечиш учун клиник протоколларга қатъий риоя қилишда асосий омиллардан саналади. Учрашув қатнашчилари шу ҳақида сўз юритар экан, энг замонавий ускуналарнинг мавжудлиги ҳам улардан фойдалана оладиган юқори малакали мутахассисларсиз текшириш ва даволашда самара бермаслигини таъкидлади.

Учрашув якунида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, перинатал тиббиёт соҳасида, жумладан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Н.Усмонова, ЎзА