Қайд этиш лозимки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятдир.
Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги принципини қўллашнинг муҳим жиҳатлари нимада? ЎзА мухбири Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси Судьялар олий мактаби мустақил тадқиқотчиси Нуриддин Муродовнинг бу борадаги фикрларига қизиқди.
– Тадбиркорлик фаолияти билан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритган ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс шуғулланади. Давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмас.
Ҳар қандай шахс тадбиркорлик билан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ва унинг ташқарисида эркин шуғулланиш, шунингдек, ўз мулкидан ҳар қандай қонуний тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқига эга. Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли.
Қайд этилган принцип тадбиркорларнинг ҳеч бир монеликсиз ҳаракат қилиши, қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланишини кафолатлаш учун тизимли равишда амалда бўлиши, жумладан, ҳуқуқни қўлловчи ташкилотлар томонидан чиқарилаётган ҳужжатларда мазкур принципга ҳаволалар қилиниши ёки айни принцип чиқарилаётган ҳужжатларда қўлланиши лозим.
Аммо, бу соҳадаги айрим бюрократик тўсиқ ва ғовлар, айниқса, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги принципини амалиётга татбиқ этишда унга мувофиқ бўлмаган баъзи қонун ҳужжатлари ёки зид бўлган қатор қонуности ҳужжатлар, оғзаки буйруқ ва топшириқлар дахл қилмоқда. Бу каби ҳолатлар тадбиркорлик фаолияти ривожига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.
Зеро, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги принципини амалиётга татбиқ этишда тадбиркорлар дуч келаётган масалаларни қуйидаги икки турдаги ҳуқуқий муносабатга бўлиш мумкин.
Биринчидан, ҳар бир тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини ташкил этиб, рўйхатдан ўтар экан, албатта айрим фаолият турлари учун лицензия, рухсатнома, гувоҳнома олишда у ёки бу давлат органи билан маълум тартиб-таомиллардан ўтиб, белгиланган ҳуқуқий муносабатга киришади.
Иккинчидан, ишлаб чиқариш, тижорат ёки фаолиятнинг бошқа бир тури бўлсин, албатта бошқа бир тадбиркорлик субъекти ёки давлат ташкилоти билан қонунчиликка мувофиқ шартномавий ҳуқуқий муносабатга киришади.
Демак, юқорида келтирилган айни шу икки кўринишдаги ҳуқуқий муносабатда тадбиркорлик фаолияти эркинлиги принципини тизимли равишда, тўғридан-тўғри, ортиқча тартиб-тамойилларсиз амалиётга татбиқ этиш муҳим.
Шунингдек, ҳеч бир тадбиркорлик субъекти учун иккинчи бир тадбиркорлик субъектига нисбатан устуворлик, имтиёз, тенг бўлмаган шароитдаги қулайлик бермаган ҳолда “ҳар қандай шахс тадбиркорлик билан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ва унинг ташқарисида эркин шуғулланиш, ўз мулкидан ҳар қандай қонуний тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги” тамойили сўзсиз ижро этилиши лозим. Алоҳида таъкидлаш лозимки, ўрнатилган турли тартиб-таомиллар тадбиркорлик субъекти иштирокидаги шартномаларга таъсир этиб, шартнома эркинлиги, умуман, муносабатларда низолар ортишига омил бўлмоқда.
Бунинг исботи бугунги кунда иқтисодий судларда энг кўп кўрилаётган низолар тадбиркорлар ўртасида ёки тадбиркор ва давлат ташкилотлари имзоланган шартномалардан, мажбуриятлардан келиб чиқаётгани маълум. Бунга давлат бюджетидан таъминланадиган ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги қурилиш пудрат, маҳсулот етказиб бериш каби низоларни келтириш мумкин.
Айнан тадбиркорлик фаолиятида шартнома эркинлиги принципи, яъни, шартномавий муносабатларга давлат органлари, ташкилотлари, мансабдор ва бошқа учинчи шахсларнинг у ёки бу тарзда таъсир ўтказиши ёки шартномавий муносабатларда эркинлик принципи доим ҳам амалиётга татбиқ этилмаётганлиги низоларга сабаб бўлмоқда.
Ваҳоланки, яқиндагина қабул қилинган янги асосий Қонунимизнинг 65-моддаси фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиши, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш таъминланиши, хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.
66-моддада эса мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этиши, 67-моддада давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши белгиланган. Бу — тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кенгроқ талқин этилиб, уларнинг кафолатларини тўла таъминлаш учун олий юридик кучга эга бўлган нормалар асос қилиб қўйилганини англатади.
Шундай экан, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги принципини қўллаш — ҳам қонун ижодкорлигида, ҳам амалиётда бирдай устуворлик касб этади.
Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди, ЎзА