“Анадолу” агентлиги хабарига кўра, Венгрия Президенти Каталин Новак келаси ой Украинага ташриф буюради.

Украина ҳукумати таклифини қабул қилган Новак 23 август куни Киевда бўлиб ўтадиган Қрим платформасида қатнашади, дея маълум қилди Президент девонхонаси. Венгрия раҳбари Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам учрашиши мумкин. У Украина пойтахтига келишидан олдин Закарпатияга боради. 20 август куни венгрлар билан бирга қирол Стивен байрамини нишонлайди.

Каталин Новак Зеленский билан сўнгги бор 2022 йил 26 ноябрда учрашган. Ўшанда у Польша ва Бельгия бош вазирлари билан бирга Украинага келган эди.