Божхона қўмитаси масъул бошқарма бошлиқларининг жойларга чиққан ҳолда ҳудудий тузилмалар фаолиятини ўрганиш, мавжуд муаммо ва масалаларнинг ечимини топишда уларга амалий кўмаклашиш мақсадида ташкил этилаётган сафарлар давом этмоқда.

Хусусан шахсий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Ю.Тилавов Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, “Қорақалпоғистон” темир йўл ва “Довуд-ота” чегара божхона постларида хизмат қилаётган божхоначилар иш фаолияти билан яқиндан танишди.

Учрашувда кейинги йилларда божхона органлари ходимларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилаётган эътибор, ходимлар учун яратиб берилаётган шароитларга мутаносиб тарзда хизмат қилиш, ўзига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашиш ҳар бир божхоначининг бурчи эканлиги яна бир бора таъкидланди. Моддий манфаатдор бўлиб, хизмат ваколатларидан четга чиқиш ёки ўзига юклатилган вазифаларни тўлақонли бажармаслик, биринчи навбатда, оиласига, Ватанига ва халқига хиёнат саналиши, фарзандига ҳалол луқма едириш орқалигина унинг тарбиясига масъул бўла олиши уқтирилди.

Бошқарма аппарати, “Қорақалпоғистон” темир йўл ва “Довуд-ота” чегара божхона постларида бўлиб ўтган учрашувлар давомида йил бошидан божхона ходимлари билан ўтказилган 54 марта умумий ва 19 марта якка тартибдаги профилактик суҳбатларда янада катта натижаларга эришиш ва ходимларнинг коррупцион ҳолатларни йўл қўйишга мойиллигини йўқ қилиш учун уларнинг оиласи, яқинлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш бўйича мунтазам равишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Бугун ҳар бир ходимдан хизмат фаолияти давомида фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда хушмуомала ва сергак бўлиши, қонуний хатти-ҳаракатларни бажариш талаб этилади. Ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан, масъулият билан бажарган ходим эса равнақ топиб, осуда ҳаёт кечиради. Ташкил этилаётган бу каби учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ҳам ходимларни тўғри йўлга йўналтиришдир.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири