Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани бўлими, туман прокуратураси, ДХХнинг туман бўлими ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати фош этилди.

Жумладан фуқаролар М.Н. ва Д.Д. ариза муаллифининг ишончига кириб, унга 20 миллион сўм эвазига юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали МЧЖ шаклидаги “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасига фаррош қилиб ишга жойлаштириб беришни ваъда қилган. Қўнғирот тумани “Орнек” овул фуқаролар йиғинидаги фуқаро М.Н. нинг яшаш уйида ариза муаллифидан 20 миллион сўм пулни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланди. Улардан кимёвий ишлов берилган 20 миллион сўм пул ашёвий далил тариқасида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири