Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети мамлакатимиз ва хорижий олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасалари қаторида чет давлатлардаги нуфузли компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларига эга бўлган минтақадаги етакчи олий таълим маскани ҳисобланади.

Бунга мисол сифатида олий ўқув юрти ва Жанубий Кореянинг “Younginsn SO LTD” компанияси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Ушбу меморандум асосида ҳамда илмий ва инновацион ҳамкорлик йўналишида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида университет ректори А.Реймовнинг мазкур компания президенти Чой Сек Хоан билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда университет ҳамда компания ўртасидаги таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига йўналтирилган истиқболдаги ҳамкорлик бўйича қатор келишувларга эришилди. Жумладан, университетда келгусида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида лаборатория асбоб-ускуналари ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш, компания вакиллари томонидан ушбу йўналишларда биргаликда илмий-амалий жиҳатдан тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилмоқда. Учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, истиқболдаги режаларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА