АҚШ ва ХХР ўртасидаги ҳарбий мулоқот ҳали тикланмаган. Бу фикрни Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан билдирди.
Аввалроқ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Пекин рад этишига қарамай, Қўшма Штатлар Қуролли кучлари қўмондонлиги ва Хитой халқ озодлик армияси ўртасидаги алоқани тиклашга интилишда давом этишини айтганди.
АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг 6-9 июль кунлари Хитойга уюштирган сафари ҳақида гапириб, Салливан Байденнинг “бу музокаралар жуда муҳим ва мазмунли бўлган, деб ҳисоблаймиз”, деган баёнотини эслатди.
“Алоқа йўлларини очиқ сақлаш, АҚШнинг нияти ва устувор мақсадларини аниқ ифодалаш, шунингдек, Хитойнинг айрим амалиётлари юзасидан хавотирни аниқ тушуниш муҳим”, дея қўшимча қилди давлат раҳбари ёрдамчиси.
“Шиддатли рақобат муҳитида АҚШ ва ХХР рақобатини масъулият билан бошқаришимиз керак. Блинкеннинг 18-19 июнь кунлари Хитойга ташрифи ҳам шу билан боғлиқ эди”, деди Салливан.
ЎзА