Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) масъул вакиллари иштирокида Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижалари юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилганидек, Сайлов – демократия кўзгуси. Негаки, ҳар қандай мамлакатда очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид умумэътироф этилган демократик тамойиллар амалда нечоғли таъминлангани айнан сайлов жараёнида намоён бўлади.
Сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий тамойилидир. Шу маънода, бу галги Президент сайловини 800 га яқин халқаро кузатувчи кузатиб боргани эътирофга лойиқ. Улар орасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси ҳамда ДИИҲБ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий давлатлар ПА, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Котибияти ва ПА, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар, шунингдек, дунёнинг 47 давлатидан келган кузатувчилар бор.
Айни пайт Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 54 мингга яқин кузатувчи аккредитациядан ўтказилган.
Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган 1257 вакили сайлов жараёнини ёритиб борди.
Сайлов участкаларини овоз беришга ҳозирлаш жараёнида кузатувчилар ва журналистлар учун махсус жой ажратилишига алоҳида эътибор қаратилди. Улар овоз бериш жараёнини бемалол кузатиши, ОАВ вакиллари воқеаларни ҳеч қандай тўсиқсиз ёритиб бориши учун барча зарур шароит яратилди.
ЎзА