Украина инқирозини ҳал қилиш истиқболи ва 17 июлда муддати тугайдиган дон шартномасини узайтириш масаласи Туркия ва Украина Президентлари Режеп Таййип Эрдоған ва Владимир Зеленский ўртасида бугун, 7 июлда Истанбулда ўтадиган музокаранинг асосий мавзуси бўлади. Анқарадаги манбаларга таяниб, бу ҳақда “ТАСС” агентлиги хабар берди.

Туркия томони Зеленскийнинг ташрифи Эрдоған таклифига биноан ташкил этилганини билдирди.

Анқаранинг фикрича, Туркия етакчиси Россия ва Украина раҳбарлари билан яхши муносабатда экани эътиборга олинса, зиддиятни ҳал этишда муҳим роль ўйнаши мумкин. Дон шартномаси бир неча бор узайтирилиши жараёнидаги саъй-ҳаракат бундан дарак беради.

Манбалар НАТОнинг Вильнюс саммити олдидан Шимолий Атлантика альянси аъзоси бўлган Туркия билан музокарада Украинанинг мазкур ташкилотга қўшилиши масаласи ҳам кўриб чиқилишини ёзмоқда.