“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида Тадбиркор аёллар бизнес форуми бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбирда Божхона қўмитаси Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Олимжонов “Ўзбeкистонда божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришнинг халқаро савдога таъсири” мавзусидаги тақдимот билан иштирок этди.
Қайд этилишича, замонавий шароитда ташқи савдо ривожланишнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Глобаллашув шароитида бошқа мамлакатлар иқтисодиёти билан иқтисодий алоқаларнинг самарали тизимини шакллантирмасдан туриб ҳеч бир давлат ривожлана олмайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида давлат божхона хизмати органлари ташқи савдога кўмакчи идора имижида намоён бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилга нисбатан божхона назорати талаб этиладиган деярли барча йўналишларда иш ҳажми ва кўрсаткичлар кескин ошди.
Мисол учун, ташқи савдо айланмаси 20,2 миллиард долларга ёки 2 баробарга, товарлар вазни бўйича 19,5 миллион тоннага ёки 2,2 баробарга, божхона идоралари томонидан 2022 йилда ундирилган божхона тўловлари 2017 йилга нисбатан 38 триллион сўмга ёки 6 баробарга ошди. Бунда, божхона тўловларидан берилган имтиёзлар 2017 йилга нисбатан 27,9 триллион сўмга ёки 2 баробарга ошган.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулайликлар яратиш мақсадида кўплаб янгиликлар жорий этилмоқда.
Хусусан, 2018-2022 йиллар оралиғида божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш йўналишида 140 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Қонунчилик базасини халқаро стандарт ва нормаларга мувофиқлаштириш ишлари ўтказилди, ваколатли иқтисодий операторлар институти қабул қилинди. Декларациялаш тартиблари, шу жумладан дастлабки, даврий декларациялаш соддалашди, божхона омбори вакилларининг ҳуқуқлари кенгайтирилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА