Тошкентда халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Яшил тараққиёт: Янги Ўзбекистон тажрибаси ва жаҳон тенденциялари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Буюк Британия Лордлар палатаси аъзоси, собиқ маданият ва халқаро алоқалар вазири Лорд Уортон, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюро бош директори Борис Эрг (Швейцария), Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Яшил Марказий Осиё” дастури раҳбари Каролин Милоу (Германия), Ўзбекистонда Глобал яшил ўсиш институти ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жин Ха Ким (Жанубий Корея) ва бошқалар иштирок этди.
Тадбир доирасида хорижий мутахассислар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тикланиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистонда озиқ-овқат тизими, ердан фойдаланиш ва экотизимни тиклаш каби қатор долзарб мавзуларда чиқиш қилади. Бу ҳақида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг телеграм канали хабар берди.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА.