Халқимиз муҳим сиёсий жараён – муддатидан илгари Президентлик сайлови арафасида турибди. Ҳар қандай демократик давлат сайлов адолатли ва шаффоф ўтишига алоҳида эътибор қаратади. Зеро, айни жараёнда фуқаролар фаоллигига қараб давлатнинг халқаро имижи шаклланади.
Бугун сайловчи ўз ҳуқуқини амалга ошириши учун мамлакатимизда барча шарт-шароит яратилган. Шу ўринда сайлов қонунчилигига мувофиқ, хориждаги ватандошларимизга ҳам овоз беришда қатнашиш учун кенг имконият яратилаётганини таъкидлаш лозим.
ЎзА мухбири хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг ушбу жараёнда иштирок этиш тартиби хусусида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти Маъмурий-ҳуқуқий, жиноий ҳуқуқий фанлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Аҳрор Худойбердиев фикрларини ёзиб олди.
– Айни кунларда чет давлатлардаги ваколатхона ва консулхоналаримиз томонидан ҳамюртларимизнинг сайловга оид ҳуқуқини тўла таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-моддасига асосан, чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида, санаторий, дам олиш уйи, касалхона ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш масканларида сайлов участкаси тузилиши мумкин.
561-моддада чет давлатдаги сайловчининг турган жойида овоз бериши бўйича тартиб-қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Яъни, Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти идоралари билан келишувга мувофиқ, чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларида муддатидан олдин овоз бериш сайловчи турган жойда ўтказилиши мумкин.
Бу жараёнда асосий масала хориждаги фуқароларимизни сайловчилар рўйхатига киритишдир. Сайлов кодекси 271-моддасида Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкасига тегишли сайловчилар рўйхати мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумот асосида тузилиши белгиланган.
Хорижда вақтинча ёки доимий яшаётган фуқаролар, уларнинг мурожаатига асосан, хорижий сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Айни мурожаатда фуқаро айрим маълумотларни кўрсатиши шарт.
Қонунчилигимизга кўра, чет давлатдаги фуқаро сайловдан камида 15 кун олдин сайловчилар рўйхатига киритишни сўраб, Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясига ёзма ариза бериши керак. Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлигининг saylov.mfa.uz сайти орқали электрон мурожаат қилиш имкони ҳам яратилган.
Сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатга илова тариқасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти (нобиометрик, биометрик, хорижга чиқиш ва дипломатик), фотосурати бўлган ва манзили (агар, мавжуд бўлса) кўрсатилган варақлар нусхаси тақдим қилинади. Шундан сўнг дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси фуқаро ҳақидаги мурожаатда кўрсатилган шахсга доир маълумотни уч кун ичида текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш масаласини ҳал этади.
Юртимизнинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.
Чет давлатда турган юртдошларимизга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумот билан танишиш имконияти ТИВ, дипломатик ва бошқа ваколатхоналаримиз расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.
Бугунги кунда давлатимиз дунёнинг 131 давлати билан дипломатик муносабат ўрнатиб, 38 давлатда 37 элчихона, 17 шаҳарда бош консулхона фаолият кўрсатмоқда. МСК томонидан мазкур муассасалар ҳузурида 56 сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган, мазкур участкалар 14-Тошкент шаҳри сайлов округига бириктирилган.
Хорижда ташкил этилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади. Бу ҳақда сайловчи ва кузатувчилар оммавий ахборот воситаси орқали хабардор этилади.
Сайловчи турган жойида овоз беришида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида жараён дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида кечади.
Сайлов кодексининг 51-моддасига мувофиқ, овоз бериш сайлов куни муайян участка жойлашган манзилдаги маҳаллий вақт билан соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.
Хорижий давлатлардаги сайлов куни овоз беришда иштирок эта олмаслиги эҳтимоли мавжуд фуқароларимиз муддатидан олдин овоз бериши мумкин. Бу жараён ўн кун олдин бошланади ва сайловга уч кун қолганда тугалланади.
МСКнинг 2019 йил 22 октябрдаги 966-сонли қарори билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 35-бандига кўра, хориждаги участка сайлов комиссияси сайловчи сони кўплигини инобатга олган ҳолда ва сайлов куни овоз бериш биносида навбатнинг олдини олиш мақсадида фуқароларга муддатидан олдин овоз беришни таклиф қилиши мумкин.
Мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган ҳолда овоз бериш тугаганини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, хорижий мамлакатдаги ватандошларимиз сайлов ҳуқуқини амалга ошириши учун ҳар томонлама шароит ва имконият яратилиб, жараён сайлов қонунчилиги талаби асосида олиб борилмоқда.
ЎзА мухбири
Беҳруз Худойбердиев
ёзиб олди.