3-7 июль кунлари пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусида халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” халқаро конференциялари бўлиб ўтади.

Жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборини тортган мазкур нуфузли анжуманда дунёнинг барча қитъаларидан, 60 дан зиёд мамлакатдан 500 га яқин давлат арбоби, сиёсатчилар, йирик бизнес вакиллари ва экспертлар, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Ҳафталикдан кўзланган мақсад – хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ҳамда ички сиёсати устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашиш.

Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Лорд Уортон, машҳур телебошловчи – Али Аслан, халқаро муносабатлар соҳасида катта тажрибага эга сэр Девид Ричмонд, халқаро сиёсий эксперт ва стратег Жорж Айжан, халқаро журналист Стивен Коул каби таниқли модераторлар жалб этилган анжуман доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 50 дан зиёд конференция, давра суҳбати, амалий мулоқот ташкил этилмоқда.

“CNN” телеканали ҳафталикнинг медиа ҳамкори ҳисобланади. Тадбирлар “Euronews” ва бошқа нуфузли хорижий оммавий ахборот воситалари орқали ҳам кенг ёритилади.

Дастурга мувофиқ, дастлаб“Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” маданий тадбирлар ҳафталиги доирасида Темурийлар тарихи давлат музейида “Темурийлар даври дурдоналари”, шунингдек “Амалий санъат дурдоналари” ҳамда “Туркистон авангарди: макон ва замон нигоҳида” кўргазмалари очилади, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомлар сериясининг 50 жилди Темурийлар тарихи давлат музейига топширилади.

Ўзбекистон маданий меросининг туризм ривожланишидаги ўрни мавзусида муҳокама, давра суҳбати ўтказилади, “Ўзбекистон қўлёзма мероси дурдоналарида тарихий шахслар ва сюжетлар” кўргазмаси намойишга қўйилади.

Бундан ташқари Янги Ўзбекистондаги туб ижобий ўзгаришларни акс эттиришга қаратилган, турли соҳа ва          йўналишлар, мавзуларни қамраб олган, янгиланган Конституциямиз, мамлакатимизда яратилаётган қулай бизнес муҳити, соғлом ва билимли жамият қуриш ғояси, барқарор келажакни барпо этишга хизмат қиладиган сифатли таълим ва инновация, маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб этиш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш сингари қизиқарли, муҳим ва долзарб муаммолар таҳлилига бағишланган сессиялар иштирокчиларда жиддий қизиқиш уйғотиши кутиляпти.

Ҳафталик якуни бўйича хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқани янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни ҳаётга самарали татбиқ этишга қаратилган битим, келишувлар имзоланиши кутиляпти.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА