Муносабат
Кейинги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилди.
Шунингдек, Бош қомусимизда давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўриши белгиланган.
Ўтган қисқа вақт давомида ушбу Конституциявий нормани ҳаётимизга тўлақонли татбиқ этишга қартилган амалий чора-тадбирлар бошлаб юборилди. Хусусан, Президентнинг 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Жумладан, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қартилади.
Аҳолига индивидуал ёндашув асосида ижтимоий кўмак кўрсатишда ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, сўнгги йилларда яратилган “аёллар”, “ёшлар”, “темир дафтар” каби дафтарларнинг ўрни беқиёс. Ўз навбатида, маҳаллаларда ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолияти эса, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, Фармонда аҳолини ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олишни кенгайтириш, хавф гуруҳларига тушиб қолган оилаларни аниқлаш ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали улар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратишга ҳам алоҳида эътибор қартилган.
Шунингдек, эндиликда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ва 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади.
Ушбу марказлар ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида ижтимоий паспортларини шакллантириш ишларини амалга оширади.
Шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш ҳам марказнинг асосий вазифаларидан бири саналади.
Хулоса қилиб айтганда, аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи юқори бўлган қатламини манзилли аниқлаш борасида юқоридаги каби тизимнинг жорий этилиши, фуқароларимизга зарарурий ёрдам ва кўмакни ўз вақтида қўрсатиш орқали ортиқча давлат бюджети сарфланишининг олди олинишига ҳамда бу орқали кўпроқ аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Музафара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА