Қорақалпоғистон Республикаси судида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унга судлар фаолиятини кенг ёритишда фаоллик кўрсатиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов томонидан бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётган, мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасидаги ислоҳотларнинг натижаларини кенг халқ оммасига етказишда фаоллик кўрсатаётган фидойи журналистларнинг меҳнати эътироф этилди. Ўзларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан мамнун бўлган журналистлар бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг суд органлари билан ҳамкорлиги самарали бўлаётганлигини, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбир якунида соҳа фидойиларининг бир гуруҳига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири