“Яшил энергия” МЧЖ ва “Tongwei Solar” ўртасида умумий қуввати 300 мегаваттгача бўлган фотоэлектр модулларни етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, ушбу шартномага асосан ижтимоий ва давлат объектлари ҳамда бошқа ташкилотлар эҳтиёжлари учун Хитойнинг “Tongwei Solar (Hefei) Co., Ltd.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва умумий қуввати 300 мегаваттгача бўлган кичик қувватли қуёш фотоэлектр модуллари етказиб берилади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Tongwei Solar” – энг йирик “Tier 1» рўйхатига киритилган салоҳиятли қуёш элементлари ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади. У томонидан ишлаб чиқарилган қуёш модуллари дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ушбу йўналишдаги лойиҳаларда кенг қўлланилган.

“Tongwei Solar” қуёш панеллари ишлаб чиқариш қуввати йилига 45 гигаваттдан, қуёш элементларининг умумий ишлаб чиқариш қуввати эса йилига 100 гигаваттдан ошади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА