Парламент қуйи палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилганда муайян ишлар амалга оширилганлиги маълум бўлди.
Хусусан, Сирдарё вилоятида ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, касаллик тарихини юритиш, дори воситалари учун рецепт ёзиш ва кафолатланган пакетга мувофиқ беморларни тиббиёт муассасаларига йўналтиришни ягона электрон платформа орқали амалга ошириш, кафолатланган пакет асосида давлат тиббий суғуртаси механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўриб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан молиялаштирилган 26 миллиард 230 миллион сўм маблағ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан кафолатланган пакетга мувофиқ тиббий хизмат кўрсатганлик учун тўлаб берилган.
Назорат-таҳлил давомида амалга оширилган ишлар билан бирга, вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини йўлга қўйиш борасида ўз ечимини кутаётган қатор долзарб масалалар мавжудлиги маълум бўлди. Хусусан, шифохоналарда касаллик тарихини юритишни ягона электрон платформа орқали амалга ошириш чоралари кўрилмагани натижада мазкур шифохоналар ва бирламчи тиббий муассасалар ўртасида интеграция йўлга қўйилмаган.
Поликлиникалар, оилавий шифокор пунктларининг шифокорлари томонидан беморни бошқа тиббиёт ходимига ёки лаборатория, инструментал текширувларга йўналтириш, ўз навбатида текширув натижаларини шифокорларга юбориш тизими мавжуд эмас. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида электрон рецепт “реимбурсация” тизими ҳам тўлиқ жорий қилинмаган. Мазкур ҳолатлар давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиришга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятовга “Мамлакатимизда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида интеграциялашган ахборот тизимлари ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш ҳолати тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА