Юртимизда аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Паралимпия спорт турларини ҳар томонлама ривожлантириш ва оммалаштиришга эътибор кучайтирилди.

Ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида қатор ҳужжатлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда 2022 ‒ 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурлари қабул қилиниб, соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Мазкур дастурлардаги мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувларида, шунингдек, ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида соҳада бир қатор камчиликлар борлиги аниқланди.

Жумладан, чекка ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда имконияти чекланган инсонларни спорт ва жисмоний тарбияга кенг жалб этиш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаган. Масалан, маҳаллаларда “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги ишлар самарали олиб борилмаяпти.

Шунингдек, паралимпия спорт турлари бўйича кадрлар, тренерлар етишмовчилигини бартараф этиш ҳамда спорт иншоотларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланмасдан қолмоқда. Мисол учун, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида имконияти чекланган ёшлар сони 3000 нафарга яқин бўлса-да, ўтказилган ўрганишлар давомида ҳудудда уларни спорт турларига тайёрлаш бўйича махсус мураббийлар йўқлиги, шунингдек, мавжуд спорт инфратузилмасининг талаб даражасида эмаслиги ва замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланмагани маълум бўлди.

Сайловчилардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили республикамизнинг аксарият ҳудудларида ҳам олий маълумотли тренерларга эҳтиёж мавжудлигини, айрим умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун етарлича шароит яратилмаганини, ёшлар ўртасида спорт мусобақалари тизимли равишда йўлга қўйилмаганини кўсатмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икромовга “Аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида спорт ва жисмоний тарбия бўйича оммавий тадбирларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА