Прокурорлар қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширади. Кейинги йилларда миллий қонунчиликка прокуратура органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, унинг ваколатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Маъмурий судларда ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 46-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам айнан фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш даражасини оширишда прокуратура органларининг масъулияти ва ваколатини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасида прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақлилиги белгиланган. Бироқ маъмурий судларда маъмурий органнинг ер билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда прокурорнинг иштироки мажбурий этиб белгиланмаган. Судлар томонидан эса бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ҳақида прокурор хабардор қилинмайди. Бу жиҳат мазкур ишларда прокурор иштирокини таъминлашга имконият бермаяпти. Шу боис ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларнинг кўрилишида прокурорларнинг мажбурий иштирокини қонунчиликда белгилаш назарда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ юзага келаётган низоларни самарали ҳал қилишга, давлат манфаатларига зарар етказилишининг олди олинишига, одил судловнинг таъминланишига хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилиб, қатор саволларни ўртага ташлади. Мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА