Маълумотларга кўра, республикамиз сиёсий партияларида хотин-қизлар улуши 47 фоизга, олий таълимда 48 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида эса 37 фоизга етган. Раҳбар лавозимларда ишлаётган аёллар улуши 33 фоизни ташкил этади. 2 мингга яқин давлат ва жамоат ташкилотларига аёллар раҳбарлик қилмоқда.
Пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти томонидан “Жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари: жорий ҳолат ва истиқбол” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масалалари хусусида сўз борди.
Қайд этилишича, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди. 10 мингга яқин маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди. Қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардан иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Бош вазир ўринбосари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари, Бош прокурор ўринбосари лавозимларида аёл раҳбарлар фаолият юритмоқда.
Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 5,7 фоизга етган. Бугунги кунда 8 нафар вазир ўринбосари, 1 нафар қўмита раиси ўринбосари, 2 нафар агентлик директори ўринбосари лавозимида хотин-қизлар ишлаб келмоқда. Туман (шаҳар) ҳокимлари лавозимида 4 нафар хотин-қизлар (Каттақўрғон шаҳар, Бўстон, Олот, Боёвут туманлари) фаолият олиб бормоқда.
Адлия органлари ва муассасаларида 8 мингдан ортиқ ходим фаолият юритаётган бўлса, шундан 3 мингга яқини, яъни 38 фоизи хотин-қизлардан иборат. Суд тизимида айни пайтда 179 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда. Бу умумий судьяларнинг қарийб 14 фоизини ташкил этади. Уларнинг 25 нафари раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда Ички ишлар органларида аёллар кўрсаткичлари шахсий таркибнинг 5 фоизини ташкил этган бўлса, 2022 йил якунига кўра ушбу кўрсаткич икки бараварга ошиб, 10,2 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Италия ва Франция давлатларидаги элчихоналари биринчи котиби – консули лавозимига дипломат аёллар тайинланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА